Линклар

Ўзбекистонда иш ҳақи оширилди, нарх-наво ҳам


Феруза 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақлари, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори 1,2 баробар оширилади. Бу ҳақда мамлакат президентининг фармони қабул қилинди.

Фармонда айтилишича, энг кам ойлик иш ҳақи 9400 сўм, ёшга доир пенсиялар 18 минг 605 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар учун бериладиган нафақа 11 минг 270 сўм миқдорида белгиланган.

Фармондаги рақамлар қандай омиллар асосида белгилангани, нарх-наво кўтарилиши билан иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларнинг оширилиши ўртасидаги мутаносиблик қандайлиги тўғрисидаги саволларга Молия ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларидан жавоб олишнинг иложи бўлмади.

Иқтисодчи Иброҳим Ҳакимовнинг айтишича, Ўзбекистон иқтисоди барқарор бўлмагани сабабли инфляция юқорироқ бўлиши табиий. Президентнинг янги фармони шу жараёнда аҳолига ижтимоий мадад бериш мақсадида чиқарилган.

“Бюджетда етарли маблағ бўлса, ҳукумат шундай тадбирларни амалга оширади. Қанча фоизга оширилиш ҳам бюджетга боғлиқ”, - деди И.Ҳакимов.

Унинг таъкидлашича, оширилган иш ҳақи ва нафақалар 1 ноябрга бориб қўлга тегади. Шу вақт оралиғида эса бозор бу ҳолатга мослашиб бўлади. Яъни баъзи маҳсулотлар нархи ошиши, талаб бўлмаса, тушиши мумкин.

Кузатувчи Зайнаб Саидованинг эътирофича, Ўзбекистонда иш ҳақининг оширилиши ҳеч қачон аҳолини қувонтирмайди. Чунки иш ҳақи арзимас оширилган бир пайтда нарх-наво жуда сезиларли кўтарилади.
XS
SM
MD
LG