Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:30

Ўзбекистон аҳолиси сони 26,3 миллионга етди


Саида 2005 йил биринчи ярмида Ўзбекистон аҳолиси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан беш фоиз, яъни 140 минг 900 кишига кўпайди ва 26,3 миллионга етди. Аҳолининг табиий ўсиши 192 минг юз кишини, бунда қишлоқ аҳолиси улуши 142 минг 900 нафар, ташкил этди.

Бу ҳақдаги маълумотлар Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг 2005 йил биринчи ярмига оид ҳисоботида келтирилган.

Кузатувчилар аҳоли сони ўсиши келажакда мамлакатда қашшоқлар сони ўсишига олиб келишини тахмин қилмоқда. Бу тахмин Ўзбекистон аҳоли сони ўсишига тайёрми, деган саволни туғдиради.

“Бизда жамият модернизациялашмаган, мамлакат саноатлашмаган. Агар Ўзбекистонда ҳақиқий ислоҳотлар бўлганида аҳоли сони ўсишидан қайғурмаса ҳам бўларди”, - деди “Озодлик” мухбири билан суҳбатда жамиятшунос Баҳодир Мусаев.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларида туғилиш бўйича ўсиш Ўзбекистоннинг барча вилоятларида кузатилгани таъкидланади. Бу борада ўтган йилнинг шу даврига нисбатан энг юқори кўрсаткич Хоразмда кузатилган бўлиб, бу ерда туғилиш бўйича ўсиш 19,4 фоиздан 21 фоизга етди. Навоий вилоятида туғилиш бўйича ўсиш 19,1 дан 20,1 фоизга, Сирдарё вилоятида 20,5 фоиздан 21,5 фоизга ошди.

Аксарият таҳлилчилар вилоятларда туғилиш бўйича ўсиш кузатилгани бу ҳудудларда оилани режалаштириш борасидаги ишларни қониқарли йўлга қўйилмаганини билдиришини эътироф этяпти.

Аммо Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг оналик ва болаликни муҳофаза этиш бошқармаси вакиласи Марғуба Расулова бу иддаоларни рад этди. Унинг айтишича, мамлакат мустақил бўлгандан буён контрацептик воситалар барча вилоятларда бепул тарқатилмоқда. Оилани режалаштириш борасида тушунтириш ишлари олиб борилаётир.

Маълум бўлишича, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази оилани режалаштириш, аҳолининг репродуктив кайфиятини ўрганиш юзасидан махсус тадқиқот ўтказган. Марказ ходими Марат Ҳожимуҳаммедовнинг сўзларига қараганда, ўтказилган тадқиқот ёш оилаларда кўп фарзанд кўриш истаги йўқлигини кўрсатган.

Статистика қўмитаси ҳисоботида таъкидланишича, 2005 йилнинг биринчи ярмида тирик туғилган чақалоқлар сони 262 минг 600 нафарни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 фоиз ёки 6500 кишига кўпдир. 2004 йил биринчи ярмида ҳар бир миллион аҳолига нисбатан олганда кўпайиш суръати 19,9 ни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 20,2 фоиз бўлган.
XS
SM
MD
LG