Линклар

Бухорода вабо тарқагани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди


Феруза Хабарларга кўра, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига вабо билан оғриган беморлар олиб келинмоқда. Айни пайтда туманнинг баъзи хўжаликларида карантин эълон қилиш масаласи кўриб чиқиляпти.

Қоракўллик Нафиса Ражабованинг маълум қилишича, вабо туманнинг Жиғачи қишлоғида тарқаган.

“Бу ердагилар ариқдан сув ичади. Шифокорлар касаллик сувдан тарқаганини тахмин қиляпти. Одамлар бу касаллик вабо эканини айтмоқда. Яқин ўртада туманда карантин ҳолати эълон қилиниши ҳам мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар юрибди”, - деди Н.Ражабова.

Қоракўллик яна бир аёлнинг сўзларига қараганда, тумандаги юқумлик касалликлар шифохонасида ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилган. Тумандаги сув ҳавзаларида зарарсизлантириш ишлари олиб борилган. Шифокорлар аҳоли ўртасида сувни қайнатиб ичиш кераклиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Қоракўл тумани юқумли касалликлар шифохонаси бўлим бошлиғи Арашов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда вабо тўғрисидаги барча гап-сўзлар миш-миш экани, аслида бу ерда бир неча беморда диарея касаллиги қайд этилганини билдирди.

“Бу гапларнинг тўғрилигини ҳар ким текшириб кўриши мумкин. Шифохонада ўлим ҳам йўқ, касал ҳам кўп эмас”, - деди Арашов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат санитария эпидемиология назорати департаменти вакили Боқижон Маткаримов ҳам Бухорода вабо тарқагани ҳолати қайд этилмаганини таъкидлади. Унинг билдиришича,, аввало, вабо карантин эълон қилинадиган касалликлар сирасига кирмайди. Тушунтириш ишлари эса сувда вабони чақирадиган микроб пайдо бўлса ҳам ўтказилади.

Б.Маткаримовнинг айтишича, Ўзбекистоннинг кўп ҳудудларида ариқ ва дарё сувини қайнатмасдан ичиш оқибатида ўткир диареяга чалиниш ҳолатлари кузатиляпти. Вабо ҳам ўткир диарея билан ўтиши ҳисобга олиниб, дарҳол шифокорлар вабога тегишли анализлар олиши табиий ҳол.

“Ёз ва куз мавсумида кўпроқ учрайдиган юқумли ичак касалликлари олдини олиш борасида олиб борилаётган ташвиқот ишларини баъзи ҳолларда аҳоли нотўғри тушунмоқда, -деди Б.Маткаримов. – Шу сабаб халқ ўртасида ваҳимали гап-сўзлар тарқаляпти. Яқин йиллар ичида юртимизда вабо қайд этилмаган. Қўшни мамлакатларда бундай касаллик аниқланаётгани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган бўлиб, республикадаги юқумли касалликлар билан боғлиқ вазиятни доимий назорат қилиб турибди”.
XS
SM
MD
LG