Линклар

logo-print

Ўзбекистон яна “ташқи бузғунчи кучлар”ни айблади

  • Садриддин Ашур

Андижон воқеаларини уюштириш учун ташкилотчилар томонидан 300 минг АҚШ доллари ажратилган. Бу маблағ жангарилар тайёрлашга, қурол-яроғ сотиб олишга сарфланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Набиев Тошкентда ўтказилган брифинг чоғида маълум қилди.

Унинг айтишича, Андижонда содир этилган “террорчилик ҳаракатлари” Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ўзгартириш ва ислом давлатини қуришни мақсад қилиб қўйган “ташқи бузғунчи кучлар” томонидан ташкил қилинган.

А.Набиев мазкур фожеалар бўйича ўтказилган терговнинг биринчи босқичи якунлангани ва 15 кишининг жиноий иши судга оширилганини билдирди.

Брифингда бу шахсларнинг исм-шарифи маълум қилинди, фотосуратлари намойиш этилди. А.Набиевнинг сўзларига кўра, уларнинг уч нафари - Валижон Эргашев, Лочинбек Имонқулов ва Жаҳонгир Бурҳонов Қирғизистон фуқаросидир.

“Ғарб сиёсатига мойиллик натижасида Қирғизистонда диний экстремистик ташкилотлар аъзолари, ташқи кучлар назоратида бўлган вакиллар эркин ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун ҳам Қирғизистон ҳудуди террорчилик ҳаракатларига тайёргарлик кўриш учун плацдарм сифатида танланди. Бу мамлакатнинг жанубий ҳудудларида диний экстремистлар узоқ вақт мобайнида Ўзбекистонда террорчилик ҳаракатлари олиб бориш учун бемалол машғулотлар олиб борди, жангарилар тайёрлади, қурол-яроғ сотиб олди”, - деди А.Набиев.

А.Набиевнинг таъкидлашича, “террорчилар” Ўшнинг марказий стадионида, Панфилов номидаги мактаб спорт залида ва Ўш вилоятининг жанубида жойлашган ташландиқ ҳарбий полигонда машғулотлар олиб борган. Бу ишларга “ташкилотчилар” томонидан 300 минг доллар ажратилган. Андижон воқеаларига қадар бу маблағларга Жалолобод вилоятида қурол-яроғ сотиб олиниб, айланма йўллар билан Ўзбекистонга олиб ўтилган.

А.Набиевнинг сўзларига кўра, “террорчилик ҳаракатлари”ни содир этган ижрочилар Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон ва Қирғизистоннинг Ўш ҳамда Жалолобод вилоятларидан бўлган акрамийлардан танлаб олинган.

“Андижондаги ҳокимиятни яшин тезлигида эгаллаб олиш мақсадида террорчилар штаби раҳбарлари Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудида таркибида 9 кишидан 20 кишигача бўлган 20 та қуролланган гуруҳ тузган”, - деди А.Набиев.

Бош прокурор ўринбосари Қирғизистонда тайёрланган учта қуролли гуруҳ Ўзбекистон ҳудудига бостириб киргани терговда аниқланганини билдирди.

У мазкур воқеалар ҳақида гапирар экан, хорижий оммавий ахборот воситалари фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди.

“Экстремистик ташкилотларнинг махсус бириктирилган вакиллари Андижонда акрамийлар устидан ўтказилган суд жараёни ва ундан кейинги воқеалар хусусида хорижий ОАВ ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиларини террорчилик ҳаракати ташкилотчиларига маъқул келадиган, лекин аслида ёлғон маълумотлар билан таъминлаган, - деди А.Набиев. - Мана шундай асоссиз ва ёлғон маълумотлар асосида бир қанча хорижий ахборот воситалари, хусусан, “Би-Би-Си”, “Ассошэйтед пресс”, “Немис тўлқини” ва “Озодлик” ташқи кучлар буюртмасига кўра бўлган воқеалар хусусида сурбетларча ва виждонсизларча бўҳтон хабарлар тарқатди”.

А.Набиев хорижий журналистларни воқеаларни бир томонлама ёритганликда, ўша куни майдонда бўлган журналистларни “террорчиларнинг ваҳшиёна ҳаракатлари” ҳақида ҳеч нарса демаганликда айблади.

“Биз Галима Бухорбоеванинг хатти-ҳаракатини айнан шундай баҳолаймиз. У террорчилар эгаллаб олган ҳокимлик биносидан “Си-эн-эн”га репортаж бериб, бино олдида тўпланган, ҳеч қандай диний ташкилотларга алоқаси бўлмаган тинч аҳолига қарата ҳукумат қўшинлари ўқ узганини айтган”, - деди А.Набиев.

Бош прокурор ўринбосари келтирган сўнгги маълумотларга кўра, Андижон фожеаларида 187 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 60 нафари тинч аҳоли вакили, уларнинг иккитаси бола ва бири аёл кишидир. Ҳалок бўлганлар орасида ҳуқуқ-тартибот органларининг 20 ходими, 11 нафар ҳарбий хизматчи бор.

А.Набиев айни пайтда “террорчилик ҳаракатлари”да бевосита иштирок этган 106 киши устидан тергов ишлари тугалланиш арафасида эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG