Линклар

Ўзбекистон Хитой билан дўстлигини ҳуқуқий асослади


Шайбон Ўзбекистон Хитой билан ўзаро дўстлик ва ҳамкорликнинг шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Хабарда таъкидланишича, мазкур шартноманинг ратификация қилиниши икки давлат ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги поғонага кўтаради ва уларда яшовчи халқларнинг фаровонлиги йўлидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштиради.

Тарихшунос олим Гога Ҳидоятов “Озодлик” мухбири билан мазкур шартнома хусусидаги суҳбатда Ўзбекистоннинг Хитой билан алоқалари ўта муҳим ва зарур эканини, бунда Ўзбекистон учун муҳим имкониятлар очилишини билдирди.

“Ҳукуматимизнинг асосий вазифаси Хитой сармояларини юртимизга жалб этишдир. Чунки Хитой иқтисодий жиҳатдан жуда ривожланди”, - деди Г.Ҳидоятов.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳам Хитой-Ўзбекистон алоқалари ҳар икки давлат учун муҳим эканини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозир Ўзбекистон бу давлат билан сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш, Россия ва Хитой кўмагида халқаро нуфузини кўтаришга уриняпти. Хитой ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилоти орқали Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қиляпти.

Сўнгги вақтларда Россия, Хитой ва АҚШнинг Марказий Осиёга геосиёсий жиҳатдан алоҳида қизиқиш билдираётгани сир эмас. Шу ўринда, Ўзбекистоннинг Хитой билан алоқалари яхшиланиши Россия ва АҚШ манфаатларига қанчалик мос келади, деган савол туғилади.

Г.Ҳидоятовнинг фикрича, бу ҳолат Россия билан Хитой ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир этмайди.

“Америка масаласида у қадар қайғурмаслик мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Мен аввалдан Ўзбекистон-Америка дўстлигига ишонмаганман. АҚШ сиёсатидаги дўстлик ва ҳамкорлик пуч гаплар. АҚШ ҳеч қачон ҳақиқий дўст бўлмайди. Унинг ўз манфаатлари бор. Шу манфаатларга қараб АҚШ дўст ёки душман бўлиши мумкин”, - деди Г.Ҳидоятов.

Т.Йўлдошев ҳам Хитой-Ўзбекистон алоқалари кенгайиши Россияда салбий кайфият уйғотмаслиги, чунки ҳозир расмий Москва билан Пекин ўртасида жуда яқин муносабат юзага келганини таъкидлади. У эътирофича, Ўзбекистоннинг АҚШ билан эмас, аксинча Россия билан алоқалари унчалик пухта эмас. Ўзбекистон-Россия муносабатлари юксалиш истиқболига эга. Бироқ бу алоқаларнинг келажаги порлоқ, дейиш қийин. Чунки Россия ҳозир фақат Ислом Каримов тузумини қўллаб-қувватлаяпти. Ўзбекистон халқи эса иккинчи даражали омил бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорликнинг шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартномада айнан қайси соҳалардаги алоқаларга алоҳида эътибор берилиши белгилангани номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG