Линклар

logo-print

Ўзбекистон бош прокуратураси берган баёнотга кўра, Андижон воқеалари юзасидан ўтказилажак суд маҳкамасига тортилган 15 айбланувчи орасида уч нафар қирғизистон фуқароси ҳам борлиги айтилади.


Бош прокурор ўринбосари Анвар Набиевнинг маълум қилишича, суд жараёни келаси сешанба куни Тошкентда бошланади.
Бош прокуратура расмийсига кўра, Андижон воқеалари Ўзбекистон ташқарисида туриб ташкил этилган, ҳамда бу террор ҳаракатларини бевосита бошқариш учун Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари тайинланган.
“Террор ҳаракатларини ташкил этишда, уларни бевосита бошқариш учун Акромийлар диний-экстремистик гуруҳининг Тошкент шаҳри, Ўзбекистоннинг Тошкент, Фарғона ва Андижон вилоятлари ҳамда Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги аъзолари танланган. Террор ҳаракатларини амалга ошириш, қуролли гуруҳларни ташкил этиш ва уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиришга Ўзбекистон фуқароси Қобил Парпиев ва Қирғизистон фуқароси Адҳам Мамадалиев тайинланган”, - деб таъкидлади Набиев.
Шунингдек, Ўзбекистон бош прокуратураси расмийси ғарб матбуотини Андижон воқеаларини ёлғон ва ноҳолис ёритганликда айблади.
“Экстремистик ташкилотнинг махсус тайинланган аъзолари, ҳориж оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари фаолларига ғирт ёлғон ва воқеа сценарийси муаллифлари тегирмонига сув қуювчи маълумотларни берган. Бу ёлғон ва уйдирма маълумотларга асосланиб, БиБиСи, Ассошиэйтед Пресс, Немис Тўлқини, Озодлик радиоси ва бошқа баъзи ахборот агентликлари мухбирлари, ташқи кучлар буюртмасига кўра, бетамизлик ва виждонсизлик билан, ҳорижий ахборот воситалари, жумладан интернет орқали, Андижон воқеалари тўғрисида ноҳолис ва бўхтон ахборотларни тарқатган”, - деди Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари.
XS
SM
MD
LG