Линклар

“Адолат йўли”дан адолат талаб қилинди


Фирдавс 15 сентябрь куни бир гуруҳ фуқаролар Фарғона вилояти прокуратураси биносини пикет қилиб, мазкур идора нашри бўлмиш “Адолат йўли” газетаси фаолиятидан норозилик билдирди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг сўзларига қараганда, пикет иштирокчилари ўзларини вилоят прокуратураси раҳбарлари қабул қилишини сўраган.

М.Тожибоеванинг билдиришича, газета прокуратура нашри бўлса-да, унда кишилар шахсини камситувчи мақолалар ҳам чоп этилади.

“Газета Фурқат туманилик ҳамшира Хуршида Мелиеванинг шахсини булғаб, мақола эълон қилган. Биз жабрланувчининг вакили сифатида газетадан 100 миллион сўм маънавий зарарни ундириб беришни сўраб судга мурожаат қилганмиз. Газета судни менсимай, вакилини жўнатмади. Бу иш уч ойдан бери чўзилиб келяпти”, - деди М.Тожибоева.

Пикет иштирокчиси Фарҳод Охунбобоевнинг таъкидлашича, газета мухбирлари Марғилон судида аризаси кўрилаётган бир гуруҳ акциядорлар манфаатига зид ҳолда иш юритган. Яъни улар жавобгар томон манфаати йўлида елиб-югурмоқда.

“Адолат йўли” газетаси бош муҳаррири Алишер Ибодиновнинг айтишича, Марғилон шаҳри судида кўрилаётган иш бўйича газета мухбирлари текширув олиб борган. Улар суд тугамагани учун ҳали мақола ҳам тайёрламаган.

Пикетчилар вилоят прокуратураси вакиллари норозилик чиқишига ҳеч қандай муносабат билдирмаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG