Линклар

Бош прокуратура яна қовун туширдими ёки атайин ёлғон тарқатяптими?

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон Бош прокуратураси “Озодлик” радиоси рус хизмати мухбири Андрей Бабицкийни Андижон воқеаларини ёритиш учун Ўзбекистонга ноқонуний келганликда айблади.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Анвар Набиев 15 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган брифинг чоғида А.Бабицкий Ўзбекистонга Қирғизистон орқали ноқонуний ўтганини таъкидлади.

Бироқ журналистга билдирилаётган бу айблар ҳақиқатдан йироқдир. Зеро, “Озодлик” мухбири Ўзбекистонга самолётда борган ва Тошкент аэропортида тегишли тартибда паспорт назоратидан ўтган.





"Менинг номимга айтилаётган бу айбловлар тергов лаёқатини, аниқроғи, уни учига чиққан лаёқатсиз одамлар олиб борганини кўрсатиб турибди. Чунки мен мутлақо қонуний равишда Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтдим. Самолётда бордим ва белгиланган тартибда паспорт назоратидан ўтдим. Ўзбекистонга кирганим ва чиққаним ҳақида паспортимга муҳр босилган. Мен қонунларга бўйсунувчи одамман ва мамлакат ички қонунларини бузмайман", - деди А.Бабицкий “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Бош прокуратура А.Бабицкийни Ўзбекистонга қўпорувчилар каби кириб келганликда, ҳеч қандай аккредитациясиз ишлаб, бу ердан ёлғон ва бўҳтон ахборотлар тарқатганликда айблади.





А.Бабицкий бу айбловга қуйидагича жавоб қайтарди: "Билишимча, аккредитация журналист учун мажбурий характерга эга эмас. Бу журналистга қўшимча имкониятларни беради, холос. Шундан келиб чиқиб, мен Тошкентга келибоқ, Андижонга таксида йўл олдим. Ҳеч ким мени у ерга контрабанда йўли билан олиб боргани йўқ. Албатта, Наманганга боргач, таксини ўзгартирдим. Айрим сабабларга кўра, “Камаз” юк машинасида йўлни давом эттиришга тўғри келди. Бунинг эса Ўзбекистон қонунларига зид жойи йўқ. Лекин терговчилар Ўзбекистонга кирганим ва чиққаним ҳақида маълумотни тегишли идоралар, чегара ва божхона хизматидан сўрамасдан, мени чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айблаётгани таажжубли. Бу эса бутун тергов сифатида шубҳа уйғотади. Мазкур ҳолат бошқа фактлар ҳам шу даражада лаёқатсиз ва масъулиятсизлик билан ўрганилганидан дарак беради”.






А.Бабицкий Андижондаги ўз кузатишларига асосланиб, у ерда халқ ўққа тутилганини таъкидлади. Журналист исёнчилар давлат идораларини босиб олгани, расмийларга куч ишлатганини оқламаслиги, аммо буни ҳукумат содир этган зўравонликлар билан таққослаб бўлмаслигини билдирди.

“Буларнинг бари ҳукумат воқеани яшириш учун ўйлаб топган ёлғоннинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолади”, - деди А.Бабицкий.
XS
SM
MD
LG