Линклар

logo-print

К.Раббимов: “Прокуратура тўплаган кўрсатмалар тўғрилигига шубҳа бор”

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Андижон воқеаларини ўрганиш юзасидан ўтказилган тергов натижалари бўйича тайёрлаган ҳисоботи маҳаллий кузатувчиларда турли мулоҳазаларни пайдо қилмоқда.

Мазкур ҳисоботни эълон қилган Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Анвар Набиев Андижон воқеалари “ташқи бузғунчи кучлар” томонидан ташкил этилгани ва бу мақсадлар учун 300 минг АҚШ доллари ажратилганини билдирганди. У мазкур даъволарни асослаш учун прокуратурада етарли далил ва маълумотлар борлигини таъкидлаганди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг сўзларига кўра, террорчилик ҳаракатлари содир этишда айбланаётган одамлардан прокуратура томонидан олинган кўрсатмалар тўғрилигига шубҳа бор. Чунки Ўзбекистонда бундай кўрсатмалар қийноқлар қўлланилган ҳолда олинади.

“Агар жамиятда демократик институтлар яхши ишласа, одамлар ўз мақсадида эришиш учун террор йўлини танламайди. Ўзбекистонда терроризм борлиги диктатура кучлилиги, демократия йўқлиги билан изоҳланади. Менимча, Андижон воқеалари юзасидан барча кўрсатмалар куч ишлатиш орқали олинган”, - деди К.Раббимов.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев фикрича, Бош прокуратура тергови хулосаларида энг асосий нарсага, яъни Андижон вилояти ҳокимлиги биноси олдида йиғилганларнинг ҳаммаси ҳам террорчи эдими, деган саволга жавоб берилмаган.

“Бу хулосалар ўз-ўзидан емирилиб боради,- деди Б.Мусаев. - Чунки прокуратура ҳокимлик олдига чиққанларнинг ҳаммасида қурол бўлганини ҳеч қайси далил билан асослай олмайди. Прокурорлар террорчилар қўлда қурол билан ҳарбий қисмга, қамоқхонага ҳужум қилганини айтиши мумкин. Аммо майдонга йиғилган одамлар – хотинлар, болалар, қариялар ҳам террорчимиди? Уларда ҳам қурол бормиди?”

Б.Мусаевнинг таъкидлашича, ҳукумат асосий фактни, яъни майдонда оддий одамлар борлигини инкор қилмоқда. Аҳолига қарши ўтказилган жазо акциясини хаспўшлаш учун ҳамма нарсани тескари қилиб кўрсатяпти. Бироқ тинч аҳоли қурбон бўлгани фактидан ҳеч қачон қочиб қутулиб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG