Линклар

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдорида даромад қиладиган одам очидан ўлиши аниқ


Феруза Ўзбекистонда 1 октябрдан бошлаб бюджет муассасалари ходимлари иш ҳақи, барча турдаги ижтимоий нафақалар миқдори 20 фоиз оширилган бўлса-да, аҳоли вакиллари бунинг ўз тумушларига ҳеч қандай таъсири бўлмаслигини айтмоқда.

Мамлакат президенти фармонига кўра, 1 октябрдан энг кам иш ҳақи ойига 9400 сўм, ёшга доир пенсиялар 18 минг 605 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кексалар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа 11 минг 270 сўм миқдорида белгиланди.

Бу рақамларнинг аҳоли турмушига қанчалик таъсир кўрсатишини ўртамиёна ўзбек оиласининг бир ойлик ўртача харажатларига солиштириш орқали билиш мумкин.

Карима Рафиқова оиласи ана шундай ўртамиёналар сирасига киради. Бу оилада олти жон бор. Оила фарзандларнинг мактаби, боғчаси, йўлкира харажатлари учун анчагина сарфлайди. К.Рафиқованинг таъкидлашича, биргина коммунал тўловлар ҳар ойда жон бошига тахминан 20 минг сўмни ташкил этади.

К.Рафиқова мактабгача таълим муассасида тарбиячи бўлиб ишлайди ва 15 минг сўм маош олади. Эрининг маоши эса 50 минг сўм атрофида. У оиласининг ойлик харажатлари 200 минг сўмдан ошиқроқ эканини билдирди.

Бу оила энг кам иш ҳақи оладиган оилалар сирасига кирмайди. Шундай бўлса-да, ойига расман 65 минг даромад оладиган бу оила камида 200 мингдан ошиқ харажат қилишини тушуниш Ўзбекистон шароитини билмайдиганлар учун ўта қийин.

Ёш иқтисодчи Нозим Саидовнинг сўзларига кўра, бир кишининг ўлмай яшаб туриши учун қанча маблағ кераклиги яшаш минимумини белгилайди. Аслида энг кам иш ҳақи ҳам яшаш минимумига тенг бўлиши керак. Яшаш минимумига кишининг овқатланиши, уй харажати, йўлкира тўловлари ва бошқалар киради.

“Ўзбекистонда бир кишига яшаш минимуми 80-90 минг сўм атрофида бўлиши керак. Энг кам иш ҳақи аслида бундан ҳам кўп бўлиши лозим. Чунки оиланинг даромад қилмайдиган аъзолари бўлади”, - деди Н.Саидов.

Иқтисодчининг таъкидлашича, Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори нореал белгиланган бўлиб, аҳолининг кундалик ҳаётда қилиши зарур бўлган истеъмол харажатлари ҳисобга олинмаган.

Н.Саидов расмий даромад ва қилинадиган харажат ўртасидаги тафовут қишлоқда мол-ҳол қилиш орқали, шаҳарда таксичилик (машинаси борлар) ёки турли қўшимча ишлар бажариш орқали қопланишини билдирди.
XS
SM
MD
LG