Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:23

“Шукур Бурҳон эмас, бир ўзбек ўлди”


Ҳаётининг сўнгги кунларини ўзининг севимли Ҳамза театридан мажбурий айрилиқда ўтказган буюк актёр Шукур Бурҳон ўзбекнинг Ялангтўши, Сулаймон отаси бўлиб халқ хотирасида муҳрланиб қолди.

Шукур Бурҳон Сулаймон ота ролини ўйнаган “Қиёмат қарз” спектаклини саҳналаштирган режиссёр Ҳамид Қаҳрамоновнинг айтишича, Шукур Бурҳон ўзбек миллатининг ғурури эди. У ёшу қарига, подшо ва гадога ҳам бир хил муносабатда бўларди. Ёрдам сўраган одамдан ҳеч нарсани аямасди.

Режиссёрнинг ҳикоя қилишича, Шукур Бурҳондек санъатга фидойи одамлар жуда кам бўлади. У қайси ролни ўйнамасин, ўзини ўша одам ҳолатига сола оларди. Образ унинг қонига, жонига сингиб кетарди.

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон Шукур Бурҳон ҳақида шеър ёзган. Бу шеър эълон қилингач, шоирнинг эътирофича, актёр унга телефон қилган.

“Шукур ака ўзи ҳақида 12 та шоир шеър ёзгани, аммо меники бошқача чиққани оғайнилари ҳам айтаётганини билдирди”, - деди О.Матжон ва ўша шеъридан парча ўқиди:


Кўрдим, Шукур Бурҳон Ҳамзадан чиқиб,

Аста пиёдалаб кетди бир куни.

Бир ён гавжум кўча, бир ён расталар,

Оломон, кўпчилик билмади уни.

Халқми шу, бировнинг ҳаққини гизлаб

Беш-ўнни юлишни пойлаб турганлар.

Халқми шу, нуроний сиймолар қолиб

Сохта сумбатларни сийлаб турганлар.

Халқи шу, хаёлу орзуларини

Ўзидан баландроқ тута олмаганлар.

Халқми шу, халқининг номидан сўзлаб,

Мингдан бир ваъдасин оқлолмаганлар.

Халқ у ким, ўзининг пешонасида

Юлдузлар борини сезса, қувонса,

Халқ у ким, ғурури бўлса ўзида

Аслига ишонса, сохтадан тонса.

Санъатшуносларнинг таъкидлашича, ўша Ялангтўш, ўша Шоҳ Эдип ва ориятли Сулаймон отани ўйнаган Шукур Бурҳонов халқнинг ардоғини топа олди-ю, театр раҳбариятининг ардоғидан бебаҳра қолди. Ёшларга ўрин бериш керак, деган мазмунда буюк истеъдод соҳибига уйида ўтириб, қарилик гаштини суриш таклиф этилди. Ҳатто Шукур Бурҳоннинг меҳнат дафтарчаси ҳам унга почта орқали жўнатилди.

“Бу гаплар тўғри. Ўша пайтда театр директори Латиф Файзиев деган режиссёр эди. Қария артистларга меҳрибонсизликлар бўлган”, - деди режиссёр Ҳамид Қаҳрамонов.

Унинг айтишича, Шукур Бурҳон қаттиқ инсультни бошдан кечиргандан сўнг яна уч йил яшаган.

Буюк актёрнинг мотам маросими ўзбекнинг мотамига айланди, деб ёзган эди ўша пайтда ўзбек шоирларидан бири:

Шукур Бурҳон эмас, бир ўзбек ўлди,
Бир жувоз устуни синди қарсиллаб.
Бир кулба томида сайради бойқуш
Бир кампир манлайин ковлади ажин.
Бир йигит бошини учирди қилич
Бир чинор қулади гумбурлаб оғир.
Бир етим оғзида қонлар тупурди
Бир малак номусин топтади иблис.
Шукур Бурҳон эмас, бир ўзбек ўлди.
XS
SM
MD
LG