Линклар

Қароқчи мулла қидирляпти


Чимкентда ўғирлик ва босқинчилик каби бир қанча жиноятларни содир этишда айбланиб, яшириниб юрган 26 ёшли мулла Айдос Аймурзаевга нисбатан қидирув эълон қилинди.

Чимкент телевидениеси бу шахснинг қидирилаётгани ҳақида хабар тарқатди ва унинг суратларини намойиш этди.

Полиция маҳкамалари маълумотларига кўра, Чимкентдаги масжидлардан бирининг имоми бўлган А.Аймурзаев анча йиллардан буён уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилган. У кечки намоздан чиқиб, ўз гуруҳи аъзолари билан ёлғиз аёлларга ҳужум қилган.

“Жиноятчилар аёлларнинг бошига темир билан уриб, ҳушидан кеткизгач, унинг қимматбаҳо буюмларини ўғирлаган. Жиноятчилар ўзи билан доимо қисқич олиб юрган. Улар қисқич билан жабрдийдаларнинг тилла тишларини суғуриб олган”, - деди полициялардан бири Чимкент телевидениесига берган интервьюсида.

Чимкент полициячилари жиноий гуруҳнинг 4 аъзосини қўлга олди. Аммо гуруҳ бошлиғи қочишга улгурди. Айни пайтда ўғри ва бочқинчи мулланинг суратлари Чимкентдаги барча масжидларга илинган.

Сўнгги пайтларда чимкентлик аёллар кечқурун кўчага ёлғиз чиқишга қўрқиб қолган. Айниқса, тилла тишли хонимлар кун ботгач, уйда ўтиришни маъқул кўряпти.

Маълум бўлишича, ўғирлик ва босқинчиликда айбланаётган диндор шахснинг қидирилиши Жанубий Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари тарихида биринчи ҳодисадир.
XS
SM
MD
LG