Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:59

ТАЗ фаолияти Ўзбекистонни қаттиқ хавотирга соляпти


Тожикистон алюминий заводи Ўзбекистон экологиясига ва аҳоли саломатлигига жиддий хавф солмоқда. Мазкур заводдан чиқаётган заҳарли моддалар миқдори эса сўнгги беш йилда анча кўпайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакиллари иштирокида Тошкентдаги Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланди.

Ўзбекистон давлат бош санитария врачи Бахтиёр Ниёзматовнинг сўзларига қараганда, ТАЗдан ҳавога чиқарилаётган заҳарли тутунлар сўнгги беш йил давомида атмосферада фторли водород миқдори анча кўпайишига олиб келган. Бу, аввало, аҳоли саломатлигига жиддий салбий таъсир этаётир. Ўтказилган тадқиқотлар ТАЗга яқин ҳудудларда яшовчи кишиларда қон ишлаб чиқариш фаолияти ва болаларнинг жисмоний ривожланиши бузилгани, фторли бирикмаларнинг суяк тўқималарига салбий таъсир этаётгани, нафас олиш йўллари, сурункали бронхит, эндокрин касалликлар кўпайганини кўрсатган.

“Завод фаолияти сусайиб қолган даврларда аҳолининг касалланиш даражаси ҳозирги пайтдагидан 10-15 баробар камайган эди. Агар завод қуввати икки баробар оширилиб, 600 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқара бошласа, Хатлонда 200 минг тонна алюминий чиқарадиган завод ишга туширилса, касалликлар қанчага кўпайишини тасаввур қилиш мумкин. Россиядаги алюминий заводини энг сўнгги даражада замонавийлаштириш ҳавога чиқадиган заҳарли моддалар миқдорини 40 фоиз камайтиришга олиб келибди. Бу эса Тожикистонда жуда замонавий завод қурилса ҳам салбий таъсир барибир бўлишини англатади”, - деди Б.Ниёзматов.

Б.Ниёзматовнинг айтишича, алюминий заводига яқин жойлашган Тожикистоннинг Турсунзода туманида 80 минг одам, Ўзбекистоннинг Сариосиё, Денов ва Узун туманларида 300 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ҳозир шунча аҳоли саломатлиги хавф остида қолмоқда.

Аҳвол шунчалик жиддий бўлса, Хонобод аэродромидан учаётган АҚШ ҳарбий самолётларининг экология ва саломатликка зарари Олий Мажлис Сенати даражасида кўрилаётган бир пайтда ТАЗ масаласини икки давлат ҳукуматлари нега муҳокама қилмаяпти, деган саволга жавоб бериб, Б.Ниёзматов ҳозир муаммо юзасидан ҳукуматга киритиш учун маълумотлар тўпланаётганини билдирди.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий текшириш институти директори ўринбосари Аҳрор Саъдуллаевнинг таъкидлашича, алюминий заводидан атмосферага чиқаётган фторли водород ўсимликлардаги хлорофил моддасининг камайиб кетишига сабаб бўляпти. Оқибатда эса ўсимликларнинг ҳосили пишмай қолиб, шохдаёқ чириб кетяпти.

“Сариосиё туманидаги Дашнобод анорларига тенг келадиган анор ҳеч қаерда йўқ. Бир пайтлар бу туманда анор шарбати оладиган цех ҳам қурилганди. Бугун эса у ишламайди. Чунки ҳозир анор ҳосилининг 30 фоизи пишмай қоляпти. Ҳавода фторли водород кўпайиб кетиб, ўсимликлар таркибидаги йод миқдори кескин камайгани бунга сабаб бўляпти”, - деди А.Саъдуллаев.

Матбуот анжуманида айтилишича, Россиянинг “Русский алюминий” компанияси ТАЗнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, Тожикистонда яна бир янги завод қуриш учун 1,5 миллиард доллар миқдорида сармоя киритишни режалаштиряпти. Ваҳоланки, биргина ТАЗдан чиқаётган зарарли моддалар миқдорини камайтириш ва заводни замонавийлаштириш учун 2 миллиард доллар керак бўлади.
XS
SM
MD
LG