Линклар

Халқаро ҳамжамият Афғонистонда якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларини олқишламоқда.


Афғонистон ва БМТ қўшма сайлов комиссияси раҳбари Питер Эрбен сайловлар муваффақиятли ўтказилганини маълум қилди.
“Афғонистондаги ҳар бир сайлов участкасида овоз бериш ўтказилганидан хурсандмиз. 6200дан ортиқроқ сайлов участкаси бор эди. Шулардан фақатгина 16таси очилмади. Лоғар, Бағлан, Ҳелманд, Урузғон, Даи Кунди ва Қандаҳор вилоятларидаги баъзи участкаларда овоз бериш ўтказилмади. Бунга жойлардаги хавфсизлик чоралари таъминланмагани сабаб бўлди”, - деди сайлов расмийси.
Сайловларни кузатган АҚШнинг Кобулдаги элчиси Роналд Нюман кечага овоз беришни муввафақият деб баҳолади.
“Бу катта муваффақият. Бундан бир неча йил олдин бу ерда толибонлар ҳукмронлиги пайтида, футбол ўйини танаффусида аёллар тош-бўрон қилинганини эслаб, ҳозир эса аёллар сайлов участкаларига раҳбарлик қилаётгани, аёллар ва эркакларнинг овоз бераётганини кўриб бунга амин бўласиз. Менимча, бу Афғонистон эришган улкан муваффақиятдир”, - деди АҚШ элчиси.
Европа Иттифоқидан борган сайлов кузатувчилари бошлиғи Эмма Бонино овоз бериш жараёнини яхши ташкил этилган ва тинч вазиятда ўтказилган, дея баҳолади.
Шунингдек, АҚШ президенти Жорж Буш, Британия раҳбари Тони Блэйр, ҳамда НАТО бош котиби Яап де Хооп Схеффер Афғонистон парламент сайловларини олқишлади.
Франция ташқи ишлар вазири Афғонистондаги сайловларни демократия сари қўйилган жиддий қадам, дея баҳолади.
Якшанба кунги сайловларда рўйҳатга олинган сайловчиларнинг 50 фоизидан ортиғи овоз берди. Дастлабки натижаларнинг октябр бошида эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG