Линклар

Ўзбекистонда янги Солиқ кодекси қабул қилиниши режалаштириляпти


Озодбек Ўзбекистоннинг Солиқ кодекси ҳамда чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Бу ҳақдаги қонун 17 сентябрь куни маҳаллий матбуотда эълон қилинди.

Янги қонунга кўра, 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган қонун билан тасдиқланган Солик кодексига 2 та қўшимча киритилган. 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчалар хорижий сармоядорларнинг визаларини расмийлаштириш ва узайтириш борасида қўшимча тартиб-таомиллар, шунингдек, чет эл инвестицияларини жалб этиш бўйича бошқа қўшимча талаблар жорий қилишга қаратилган.

Иқтисодчи олим Иброҳим Ҳакимовнинг сўзларига кўра, киритилган қўшимча ва ўзгартишлар Ўзбекистонда чет эл сармоялари иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналарни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган.

“Муайян объектив ва субъектив сабабларга кўра, бу корхоналарнинг баъзилари зарарга кириб қоляпти. Шунинг учун агар улар зарар кўриб ишлаётган бўлса, энди имтиёзли давр берилиши белгиланяпти. Чунки уларга енгилликлар яратилмаса, корхона ёпилиб, сармоядор кетиб қолиши мумкин”, - деди И.Ҳакимов.

И.Ҳакимовнинг фикрича, хорижий сармоялар иштирокида тузилган корхоналарнинг оёққа туришига давлат шарт-шароит яратиб бериши керак. Жумладан, эркин тадбиркорлик ҳудудлари ташкил этилиши лозим. Ҳозир мамлакатда бундай ҳудудлар йўқ.

Иқтисодчи олим Виктор Ивониннинг маълум қилишича, ҳозир Ўзбекистонда янги Солиқ кодексини қабул қилиш устида иш олиб борилмоқда.

“Афтидан, декабрь ойида янги кодекс қабул қилинса керак. У давлат бюджетига мос равишда ишлаб чиқиляпти. Чунки солиқдан келадиган маблағ давлат бюджетини ташкил этади”, - деди В.Ивонин.
XS
SM
MD
LG