Линклар

logo-print

Россия матбуоти Андижон воқеалари юзасидан тайёрланган ҳисобот ҳақида


Басира Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Андижон воқеаларини текшириш юзасидан эълон қилинган ҳисоботи Россия оммавий ахборот воситаларида турлича ёритилди.

Қизиғи шундаки, Россия телеканаллари мазкур ҳисобот юзасидан Ўзбекистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Набиев ўтказган брифингга умуман эътибор қаратмади.

“Известия” газетасида А.Набиев келтирган маълумотларни Қирғизистон Бош прокуратураси ва Ташқи ишлар вазирлиги рад этгани ҳақида мақола эълон қилинди. А.Набиев Қирғизистон Андижонда содир этилган “террорчилик ҳаракатлари учун платцдарм сифатида” танланганини айтган эди.

“Коммерсант” газетасининг 16 сентябрь сонида “Ўзбекистон изларни йўқ қилмоқда” сарлавҳали таҳлилий мақола чоп этилди. Унда Ўзбекистон Андижон воқеаларида рус, чечен, қирғиз изини топгани айтилади. Мақолада қирғиз расмийларининг Ўзбекистон прокуратураси маълумотларини рад этувчи бир неча фикрлари келтирилган. Жумладан, Қирғизистон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Исмоил Исоқов Ўзбекистон айбни ўзининг ички сиёсатидан қидириш ўрнига чет давлатларга юклашга уринаётганини баён қилган. Бу фикрни “Фавқулодда журналистика” маркази раҳбари Олег Панфилов ҳам қўллаб-қувватлаган. Шу билан бирга, у Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Анвар Набиевнинг журналистларни “шоқол ва сиртлон” деб ҳақоратлашга ҳаққи йўқлигини таъкидлаган. О.Панфиловнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари ҳақидаги ҳақиқат юзага чиқмаслиги учун имкони борича ҳаракат қилмоқда. Аммо хорижий матбуот вакиллари бу ҳаракатларни чиппакка чиқарган. Шунинг учун Бош прокуратура вакили ўзини андишасиз тутган.
XS
SM
MD
LG