Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:18

Б.Абдуллаев: “Прокурорнинг гапларидан ажабланмаса ҳам бўлади”


Шайбон “Озодлик” радиоси орқали чиқишларидан бирида ўзбек халқини “қўй” деб ҳақоратлаганликда айланиб, ўзи яшаётган маҳалла фаоллари томонидан жамоатчилик судига тортилган журналист Бобомурод Абдуллаев сўнгги вақтларда кўринмай қолган эди.

“Озодлик” мухбири бу ҳолга журналистнинг ўзидан изоҳ сўради.

Б.Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, у жамоатчилик судидан кейин (“Маҳалла” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов бу йиғинни “муҳокама” деб атаган эди) у Хоразмга кетган. Бироқ муҳокамадан қўрқиб ёки вақтинча кўринмай туриш учун эмас, балки тўй ўтказиш, ота-онасини кўриш, дам олиш учун Хоразмга бориб келган.

Б.Абдуллаев раҳбарлик қилаётган “Озод овоз” сайти бир неча ойдан буён янгиланаётгани йўқ. Журналистнинг тушунтиришича, бунга сабаб сайтни ҳатто прокси серверлар орқали ҳам очиб бўлмай қолганидир.

“Ҳозир бизда сайтга жойлаштириш учун янги материаллар бор. Бироқ юқорида айтилган сабаб туфайли Ўзбекистондан туриб уларни сайтга қўйиб бўлмаяпти. Бундан ташқари, Озарбойжондаги “Касфеен” ташкилоти бизни қўллаб турарди, материалларимизни жойлаштиришга ёрдам берарди. Август ойида бу мамлакатда парламент сайловига тайёргарлик бошланиб, ташкилот ходимларининг бизга ёрдам беришга вақтлари бўлмай қолди. Хуллас, ҳозирги шароитда сайтимизни Озарбойжондан ҳам, Ўзбекистон туриб ҳам янгилашнинг иложи бўлмаяпти. Ҳозир материалларимизни электрон почта орқали тарқатяпмиз”, - деди Б.Абдуллаев.

Б.Абдуллаев Ўзбекистон Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Набиевнинг Андижон воқеаларини ўрганиш бўйича тергов хулосаларига бағишланган брифингда хорижий журналистларни бу воқеаларни олдиндан билганлик ва нохолис ёритганлик тўғрисидаги айбловларига ҳам муносабат билдирди.

Б.Абдуллаевнинг таъкидлашича, Андижон воқеаларидан олдин бу ерда акрамийлик диний оқимига алоқадорликда айбланаётган 23 тадбиркор устидан суд бўлаётган эди. Судланувчиларнинг яқинлари ва тарафдорлари бу ерда тинч норозилик йиғини ўтказишга ҳам улгурганди. Бундай шароитда хорижий мухбирларнинг Андижонга келиши табиий эди.

“Прокурор журналистларни “ўлимтик излаётган сиртлон ва шоқоллар”, деб атаганига ажабланмаса ҳам бўлади. Чунки бундай гапларни айтаётганлар (ҳукумат томонидан) белгиланган йўналишни давом эттириши ва кимнидир қоралаши керак”, - деди Б.Абдуллаев.
XS
SM
MD
LG