Линклар

logo-print

20 сентябр куни Ўзбекистон Олий Судида Андижон воқеаларини ташкил этишда айбланаётган 15 киши устидан суд жараёни бошланди. Улар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 34 моддаси, терроризм, конституциявий тузумга тажовуз, қўпорувчилик, қотиллик, диний ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш каби моддалари билан айбланмоқда.

Судланувчилардан уч нафари ўзларини таништираётганда Қирғизистон фуқароси эканликларини айтиб ўтдилар.





Ўзбекистон Бош прокуратурасининг беш прокурори давлат айбловчиси сифатида қатнашмоқда.






Судланувчиларни 15 адвокат ҳимоя қиляпти. Уларнинг 13 нафари аёл адвокатлар.





Ўзбекистон Бош Прокурори биринчи ўринбосари Анвар Набиевнинг айтишича, акромийлик диний ҳаракатининг бошланиши халқаро диний экстремистик ташкилотлар “Ал Қоида”, “Ҳизб-ут таҳрир”, “Туркистон ислом ҳаракати ғояларига бориб тақалади.
Давлат айбловчисининг айтишича, белгиланган сценарийга кўра, Андижонда беқарор вазиятни вужудга келтиргандан сўнг, Туркистон ислом ҳаракати раҳнамолигида ташқи кучлар уч давлат ҳудудларидан алоҳида ислом давлати барпо қилиш ниятлари бор эди. Белгиланган режа бўйича, Тошкентдаги бир ҳарбий қисм босиб олиниши, қамоқхонадан Акром Йўлдошев озод қилиниши, Қамчиқ довони эгалланиб, водийни марказдан узиб қўйиш мақсад қилиб қўйилган эди.

Прокурор сўзларига кўра, акромийлар Андижондаги бир қанча объектларга бирданига хужум килишни ўзларининг қамоқдаги раҳнамолари Акром Йўлдошев билан узлуксиз келишиб турганлар. Ҳужумга эса Акром Йўлдошев телефон орқали фатво берган.
Бу сўзларни матубот анжуманида эшитиб ўтирган журналистлар бир-бирларига саволомуз билан қараб қўйдилар. Акром Йўлдошев қамоқхонадан туриб, террорчилар билан телефон орқали доимий мулоқот қилиб турган бўлсада, демак у қамоқда эмас, курортда эканда, деб таажжубларини билдиришди.

Айблов хулосаси бирмунча салмоқли бўлгани боис, бир гуруҳ давлат қораловчилари уни навбатма-навбат ўқиб эшиттирдилар. Ўз чиқишлари давомида давлат қораловчилари панжара ортида бўлган судланувчилар борасидаги далиллар қатори, панжара ортида бўлмаган, аммо қораловчилар фикрича, эътирозга лойиқ бўлган шахслар, журналистлар хусусида хам тўхталдилар.

Хусусан, давлат қораловчилари Би-Би-Си радиоси мухбири Матлуба Азаматова, Уруш ва тинчликни ёритиб бориш Британия институти мухбири Галима Бухорбоева, Озодлик радиоси рус хизмати мухбири Андрей Бабицкийларни Андижон воқеаларининг кейинги ривожи ҳақида аниқ билганлик ва ҳозирча аниқлаштирилмай қолаётган чет элдаги буюртмачилар томонидан зиммаларидаги юкланган мажбуриятни Ўзбекистон манфаатларига зид равишда бажарганликда айбладилар.

Шу кунги суд жараёни ниҳоясига етаётганда, террорчилик ҳаракатларини содир этилганликда айбланаётган 15 кишининг ҳар бирининг қайси моддалар бўйича айбланаётгани айтиб ўтилди. Ва уларнинг ҳар биридан “сизга қўйилаётган бу айбларга иқрормисиз?” деб, сўралди. Биринчи кундаёқ судланувчиларнинг барчаси прокурор қўяётган айбларга иқрор эканлигини, билдирдилар.


XS
SM
MD
LG