Линклар

logo-print

Абдували қорининг йўқолганига 10 йил бўлди


Турғунбек Машҳур ислом уламоларидан бири Абдували қори Мирзаевнинг дом-дараксиз йўқолганига 10 йил тўлди. У 1995 йил 28 сентябрда Тошкент аэропортидан Москвага учишга чоғланганича дараксиз кетган.

АҚШ Давлат департаментининг 2001 йилда дунёда диний эътиқод эркинлигига оид йиллик ҳисоботида “деярли барча мустақил кузатувчилар бедарак йўқолган ислом фаоли ё ўлдирилган, ё ҳибсга олинганини билдираётгани” айтилади.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Аҳмедова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Абдували қори Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўғирланганини таъкидлади.

“Абдували қори ўқувчиси Рамазон Парпиев билан бирга Андижондан учиб келиб, Москвага учиши керак бўлган бир пайтда самолётга чиқадиган йўлакда фуқаро кийимидаги хавфсизлик ходимлари томонидан ушланиб, олиб кетилган. У Москвага халқаро ислом анжуманида иштирок этиш учун кетаётган эди”, - деди М.Аҳмедова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ëқубов инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Абдували қори Мирзаевнинг кейинги тақдири билан 10 йилдан буён қизиқиб келаётгани, аммо бу қизиқиш ҳар доим ҳам яхши қаршиланмагани ҳақида гапирди. Унинг айтишича, жамият аъзолари бир вақтлар бу иш билан шуғулланганида Абдували қорининг ўғли Абдуқундуз улардан аралашмасликни талаб қилган. Шундан кейин жамият ҳам бу масала билан шуғулланмаган.

Абдували қорининг сафдошларидан бири Содиқжон қори эса бу борада сал бошқача фикр билдирди.

“Менимча, қариндош-уруғлари, фарзандлари бу нарсани ҳеч қачон кун тартибидан туширгани йўқ. Давлатнинг ҳозирги сиёсати бу нарсани қайта-қайта кўтаришни хоҳламайдими ёки қорининг яқинлари ҳам чарчадими, ҳозир бир гап айтиш қийин”, - деди Содиқжон қори.

1999 йил 16 февраль портлашлари ташкилотчиларидан бири сифатида Ўзбекистон қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Зайниддин Асқаров 2003 йил 26 ноябрь куни “Озодлик” радиоси мухбири билан суҳбатда Абдували қори тақдири билан боғлиқ муҳим бир маълумотни ошкор қилган эди.

“Абдували қорининг ортидан эргашган 70 минглаб мухлислари бор эди. У киши бизнинг устозимиз бўлади. Ички ишлар вазири Зокир Алматов мени чақириб, Муҳаммад Солиҳни ёмонлаб, роль ўйнаб берсам, қори акага ҳам, менга ҳам енгиллик бўлишини, судлардан чиқиб кетишимни айтганди. Аллоҳ шоҳид, мен ўзимни эмас, уларни қутқариш учун шу нарсага (ёлғон кўрсатма беришга) рози бўлганман. Лекин уларни чиқармай йўқ қилиб юборди”, - деганди З.Асқаров.

Абдували қори Мирзаевнинг йўқолишида МХХнинг қўли борлигини мазкур идора вакиллари рад этмоқда.

МХХ матбуот хизмати раҳбари Олим Тўрақуловнинг сўзларига қараганда, бундай иддаолар қуруқ туҳматдан иборат ва ҳеч қандай асосга эга эмас.

“А.Мирзаевга 1999 йил 15 май куни Бош прокуратура томонидан бир неча моддалар бўйича сиртдан айблов ва қидирув эълон қилинган. 2001 йилда айбланувчининг қаерда экани номаълум бўлгани сабабли тергов ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган. Яна такрор айтаман, уни МХХ ходимлари ўғирлаб кетган, деган иддаолар қуруқ туҳматдан иборат”, - деди О.Тўрақулов.

Шу ўринда Абдували қори Мирзаев шахси ҳақида қисқача маълумот. У 1950 йилда Андижонда туғилган. Диний илмни тожикистонлик Муҳаммад домла Ҳиндистонийдан олган. Михаил Горбачёв демократияси даврида, 1989 йилда Андижонда қайтадан иш бошлаган жомеъ масжидига имом хатиб бўлиб, ваъз ўқий бошлаган.

Содиқ қорининг сўзларига қараганда, расмий уламолар ҳукумат фикрига яқинлаштириб, Абдували қорининг маърузаларини ваҳҳобийликка тарғиб этиш сифатида талқин этади.

“Лекин биз бу фикрларга қўшилмаймиз,- деди Содиқ қори. - Абдували қори жўшқин, бор ҳақиқатни гапирар эди. У кишининг маърузалари халқ ичида тарқалган, ҳамма яхши кўриб эшитадиган гаплар. Абдували қори янги етишиб чиққан уламолардан бўлгани учун аввалги уламоларимиз йўл қўйган баъзи бир камчиликларни рўй-рост очиб ташлаб, динда бор нарсани бор, йўқ нарсани йўқ, деб айтарди. Айниқса, тўйлардаги, ўлимлардаги исрофликлар, динимизга ёт бўлган кўринишларни очиб ташлайдиган ҳақиқий дин тарғиботчиси бўлгани сабабли баъзи илми ўртаҳол одамларга ёқмай, ваҳҳобийликка яқин эди, деган гапларни тарқатган”.

Толиб Ёқубовнинг фикрича ҳам Абдували қорининг маърузалари ўнлаб магнит тасмаларга ёзилган бўлиб, уларда экстремизм ёки терроризмга даъватлар умуман йўқ.

Коммунизм доҳийларидан бири Иосиф Сталин “одам йўқ бўлса, у билан боғлиқ муаммо ҳам ўз-ўзидан барҳам топади”, – деган эди. Аммо Абдували қори дом-дараксиз йўқолгани билан Ўзбекистон фуқароларининг эътиқод эркинлигига боғлиқ муаммолари ҳали ҳануз барҳам топгани йўқ.
XS
SM
MD
LG