Линклар

Журналист халқига ишониб, юртига қайтди


Шайбон Андижон воқеаларидан кейин, бундан бир неча ой муқаддам хавфсизлик нуқтаи назаридан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган журналист Матлуба Азаматова юртига қайтиб келди.

Бир неча йил давомида “Би-Би-Си” радиосининг ўзбек хизматида Фарғона водийси бўйича мухбир бўлиб ишлаган М.Азаматова айнан хавфсизлик нуқтаи назаридан мамлакатдан чиқиб кетганини инкор этмайди.

“Ўзбекистондаги сиёсий вазият қалтислашгани чиқиб кетишимга сабаб бўлганини инкор қилмайман. Лекин мен қочиб кетганим йўқ. Чунки мамлакатдан қочиб кетишга ёки уни фавқулодда тарк этишга сабаб бўладиган ҳаракатлар содир этганим йўқ. Вақтинча бошқа жойда фаолият кўрсатдим, холос. “Би-Би-Си”нинг Бишкекдаги офисида қонуний аккредитациядан ўтган ҳолда ишладим”, - деди М.Азаматова.

Шу кунларда айрим сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этиб Бишкекда ишлаётган бир неча журналист бор. М.Азаматованинг айтишича, уларнинг яшаш шароитини жуда яхши деб бўлмайди. Чунки мусофирликда яшаш осон эмас. Уларга халқаро ташкилотлар оз-моз ёрдам берган.

Яқинда Андижон воқеаларидан кейин юртидан чиқиб кетиб, Бишкекда фаолият кўрсатаётган ўзбек журналисти Тўлқин Қораев БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссари бошқармасининг Бишкекдаги ваколатхонасидан садо кутавериб хуноб бўлгани, шу боис, Ўзбекистонга қайтишга аҳд қилгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Чиндан ҳам ваколатхона Ўзбекистондан чиқиб кетган журналистларнинг мурожаатларига шу қадар эътиборсиз бўляптими?

М.Азаматованинг сўзларига кўра, у ваколатхонани қоралаш ниятидан йироқ. Чунки ваколатхона ходимлари тазйиққа учраган кишиларга ёрдам беришга имкон қадар ҳаракат қилган.

“Нима бўлганда ҳам ватандан йироқда яшаш ўта оғир, унинг ҳижрони дилни ўртайди. Қийин пайтда юртда бўлмасдан, яхши кунларда келиб яшашдан не фойда! Биз журналистмиз. Бизнинг халқ олдида ҳам бурчимиз бор. Мени борганимдан қўлимга кишан солиниши ёки тазйиқларга учрашимни айтиб, юртга қайтишдан қайтаришга ҳаракат қилишди. Мен халқимга ишонган ҳолда қайтиб келдим”, - деди М.Азаматова.
XS
SM
MD
LG