Линклар

Матлуба Азаматова сўроқ қилинди


Шайбон “Би-Би-Си” радиоси ўзбек хизматининг Фарғона вилояти бўйича собиқ мухбири Матлуба Азаматова 21 сентябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси терговчиси томонидан 9 соат давомида сўроқ қилинди.

Андижон воқеаларидан кейин бир неча ой давомида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлиб, куни-кеча юртга қайтган журналистнинг сўзларига қараганда, кеча кечқурун Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари унга Ички ишлар вазирлиги вакиллари баъзи саволлар билан мурожаат қилиши ҳақида билдирган. 21 сентябрь куни эрталаб соат 9 да у ИИБга етиб келган. Бу ерда у билан Бош прокуратура ходими Бобир Усмонов кечки соат 18.30 га қадар суҳбатлашган. Суҳбат, асосан, Андижон воқеалари ҳақида бўлган. Терговчи ундан қандай материаллар ёзгани, кимлар билан гаплашганини сўраган.

М.Азаматованинг айтишича, терговчи у гувоҳ сифатида сўроқ қилинаётганини билдирган.

“Мен тергов Андижон воқеалари хусусида бўлишини билган эдим. Менда терговчилар нотўғри кўрсатма беришга мажбурлайди, деган фикрлар ҳам йўқ эмас эди. Лекин яхши муомала қилишди. Асосан, нега аккредитациясиз ишлаганим уларда эътироз туғдирди. Мен акрредитация муддатим тугагани, радионинг Тошкентдаги офиси раҳбарияти ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилгани, аммо вазирлик ҳеч қандай жавоб бермаганини айтдим”, - деди М.Азаматова.

Олий судда Андижон воқеаси иштирокчилари устидан бошланган судда давлат айбловчилари М.Азаматова ҳақида ҳам гапирган эди. Журналистнинг таъкидлашича, сўроқ пайтида терговчилар унга бу ҳақда эслатмаган.

“Мен Ўзбекистонга ўзимга қўйилаётган айбларнинг ёлғонлигини исботлаш учун қайтганман, - деди журналист. - Сўнгги 2,5 ой давомида мен ҳақимда 6-7 та мақола эълон қилинди. Ҳатто Ўзбекистон телевидениеси орқали Андижон воқеаларини ёритган бошқа журналистлар қатори суратим кўрсатилиб, - танқид қилиндим”.

М.Азаматова қўшимча саволлар бўлса, яна сўроққа чақирилиши ҳақида огоҳлантирилган. Унинг билдиришича, 28 апрель куни Андижондаги суд жараёнига “Инқирозга қарши кураш гуруҳи” таҳлилчиси Майкл Ҳоул билан бирга қатнашган. Терговчилар ундан М.Ҳоулнинг нима мақсадда келгани, кимлар билан гаплашгани, қандай ахборотлар йиққани ҳақида кўп сўраган.

“Менинг билишимча, М.Ҳоулни телевидение орқали бир неча бор кўрсатиб, акрамийларнинг ҳомийси сифатида тилга олишган”, - деди М.Азаматова.
XS
SM
MD
LG