Линклар

Муҳиддин Қурбоновдан дарак бўлмаяпти


Феруза Жиззах вилояти инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари уюшмаси раиси, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамиятининг Ўзбекистон бўйича мувофиқлаштирувчиси Муҳиддин Қурбоновнинг дом-дараксиз йўқолганига деярли бир ой бўлди.

М.Қурбонов Жиззах вилоятида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига таъқиб ва тазйиқлар кучайиб бораётган бир шароитда ўзи ва яқинларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида август ойининг ўрталарида Тошкентга кетишга мажбур бўлган эди. Аммо 28 августдан буён унинг қаердалиги номаълум. У дом-дараксиз йўқолган.

Жиззах вилояти инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари уюшмаси аъзоси Зиёдулла Раззоқовнинг сўзларига қараганда, М.Қурбоновдан дарак топиш мақсадида унинг сафдошлари кўп бор суриб-суриштириш ўтказган. Ҳатто унинг қўшни давлатларга чиқиб кетган бўлиши тўғрисидаги тахминлар ҳам ўрганилган. Бироқ унинг дараги қўшни давлатлардан ҳам чиқмаган.

М.Қурбоновнинг хотини Ҳафиза Ҳусанованинг билдиришича, сўнгги бор телефон орқали гаплашган вақтда эри оиласини Тошкентга чақирган. У бирор жойга кетишни режалаштирмаган.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев М.Қурбонов хорижга чиқиб кетган бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминлар асосга эга эмаслиги, чунки унинг паспорти олиб қўйилганини маълум қилди.

“У қамоққа олинган бўлиши мумкин ва бу ҳақда ҳеч кимга хабар берилмаган”, - деди Б.Ҳамроев.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг яқинлари ҳам М.Қурбонов ҳибсга олиниб, қамаб қўйилганини тахмин қилмоқда.

Бироқ Миллий хавфсизлик хизмати вакили Олим Тўрақулов бу тахмин асоссиз эканини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, М.Қурбонов нафақат МХХ, балки бошқа бирорта ҳуқуқ-тартибот идораси томонидан ҳибсга олинмаган. Агар у ҳибсга олинганида бу ҳақда унинг яқинларига 24 соат ичида хабар берилган бўларди.
XS
SM
MD
LG