Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:07

Ўзбекистонда “геосиёсий ўлчамли” машқлар бошланди


Шайбон Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари иштирокидаги қўшма аксилтеррор тактик машқлар Жиззах вилоятига қарашли Фориш туманининг тоғли ҳудудларидаги полигонда 21-23 сентябрь кунлари ўтказилади.

Бу ҳақда “Озодлик” радиосига Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати вакили Раҳимжон Нурназаров маълум қилди. Унинг айтишича, икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик доирасида ўтаётган ушбу машқларда тоғ ўқчилари ва ҳаво десанти бўлинмалари иштирок этяпти.

Хорижий оммавий ахборот воситалари бу машқларни Россия мудофаа вазири Сергей Иванов шахсан кузатиб бориши ҳақида хабар тарқатмоқда.

Р.Нурназаров С.Ивановнинг Ўзбекистонга келиши кутилаётгани, аммо унинг машқларни кузатиши ҳақида ўзида аниқ маълумот йўқлигини билдирди. У икки давлат ҳарбийлари иштирокидаги бундан машқлар илк бор ўтказилаётганини қайд этди.

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов мазкур машқлар ҳақида фикр билдириб, аслида бундай машқларга унча ҳожат йўқлигини, шунинг учун унинг замирида бошқа мақсадлар ётганини тахмин қилиш мумкинлигини таъкидлади.

“Ўзбекистонга террорчилик таҳдидлари энг кучайган пайтда, 90-йиллар охири – 2000 йиллар бошларида бундан ҳамкорлик кузатилмади. Қолаверса, бундай таҳдидлар юзага келса, Ўзбекистон ўз ҳарбий кучларига таянган ҳолда уларга жавоб беришга доимо қодир бўлган. Бундан хулоса шуки, машқларнинг муайян геосиёсий ўлчами бор. Менимча, Россиядаги сиёсий ва ҳарбий доиралар Россия Марказий Осиёда ўз таъсирини йўқотаётгани, АҚШ эса аксинча кучайтираётганини эътироф этган ҳолда тезкор чораларни кўрмоқда. Машқлар шундан далолат беради”, - деди Ф.Толипов.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев ҳам Ўзбекистоннинг бундай машқлар ўтказишига зарурат йўқлигини эътироф этди. Унинг фикрича, бу машқлар Ўзбекистоннинг АҚШ ва Ғарб давлатлари иштирокидаги аксилтеррор коалицияни тарк этиб, узил-кесил Россия томон юз бурганини кўрсатади. Агар Ўзбекистон бир вақтлар ўзи жиддий танқид қилиб тарк этган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайта қўшилса, бу ташкилотнинг вазифаси АҚШнинг Марказий Осиёга кириб келиши олдини олиш экани ойдинлашади.

Сиёсатшунос Тошпулат Йўлдошевнинг айтишича, қўшма машқлар ўтказилишидан асл мақсад яққол сезилиб турибди.

“Биринчи мақсад, Россиянинг Ўзбекистонга ҳарбий ва сиёсий мадад беришини кўрсатиш. Иккинчи мақсад эса бу икки давлатнинг Андижонда қўрқитилган ўзбек халқини янада чўчитиш сиёсатининг давомидир”, - деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG