Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:55

Мақсад ўғирлик эмас, қўрқитишми?


Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлигининг Жанубий Қозоғистон бўйича мухбири Алексей Гончаровнинг уйи номаълум шахслар томонидан ағдар-тунтар қилиб кетилди.

Қизиғи шундаки, уйни титкилаб ташлаган шахслар журналистнинг қимматбаҳо буюмлари, ҳужжатлари ва қўлёзмаларига тегмаган. Бундан полициячилар ҳам ҳайрон бўлган. Бироқ А.Гончаров анча таниқли журналист бўлгани учун улар бу ҳолатни эътиборсиз қолдирмаган. Айни пайтда полиция суриштирувни давом эттирмоқда.

А.Гончаров Чимкентдаги кўп қаватли уйлардан бирининг бешинчи қаватида яшайди. Шу шаҳарда туғилиб ўсган 44 ёшли журналистнинг асл касби тарихчидир. 13 йилдан буён журналистика билан шуғулланади.

А.Гончаровнинг фикрича, хонадонида юз берган воқеа огоҳлантириш бўлиши ҳам мумкин. Чунки у ўзининг танқидий мақолалари билан кимларгадир халақит қилаётгани эҳтимолдан холи эмас.

“Танқидий мақолаларим чиққандан кейин кўпинча қўрғироқ қилиб, ҳақоратлашарди. Можаролар кўп бўлган. Бироқ уларнинг барчаси суд орқали ҳал қилинарди. Бундан 8 йил аввал илк бор очиқча қўрқитишга ҳаракат қилишганди”, - деди журналист.

А.Гончаров бошқа жойларда бўлгани каби Жанубий Қозоғистонда ҳам журналистларни калтаклаб кетиш ҳоллари учраб туришини билдирди.

"Икки йил аввал бир муҳаррирни жуда ёмон калтаклашди. Табиийки, жиноятчилар топилмади. Худди полициячи ёки кончилар учун доимий хавф-хатар бўлганидек, журналистикада ҳам профессионал хавф доимо мавжуд", - деди А.Гончаров.

Маҳаллий кузатувчилар журналист хонадонида содир бўлган воқеа Қозоғистондаги президент сайлови билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Аммо А.Гончаровнинг ўзи бошқача фикрда.

"Ўз вақтида мухолифатни қўллаб-қувватлаганман, - деди журналист. - Бироқ ҳозир мухолифат вакилларининг бирортаси Нурсултон Назарбоевга ҳақиқий рақиб бўлади, деб ўйламайман. Менимча, ҳозирги мухолифат етакчиси Жармахон Туяқбой аҳамиятсиз шахс. Чунки у мамлакат прокуратурасини бошқарган пайтлари ҳар хил йўллар билан мухолифатни эзган одам. Энди эса ўзи мухолифатчи бўлиб олган”.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда А.Гончаров Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг айтишича, ташқаридан қараганда Тошкент тараққий этган, гўзал шаҳардек таассурот қолдиради. Кўп миллатли аҳолиси ҳам ажойиб.

“Бироқ чуқурроқ қаралса, шаҳар аҳли ўрта аср қонунлари бўйича яшаяпти. Қишлоқларда аҳвол янада ёмон. Бундай мамлакатда меъёрдагидек давлат тузумини йўлга қуриш жуда мушкул. Барча бахтсизлик шундаки, президент Ислом Каримов бошиданоқ буни йўлга қўйишга ҳаракат қилмади ва бу борада ютқазди. Барча гувоҳ, Ўзбекистонни Қозоғистон билан солиштирганда биз яхшироқ яшаяпмиз", - деди журналист.
XS
SM
MD
LG