Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:23

Суднинг иккинчи куни. Уч айбланувчи айбларига тўла иқрор бўлди.


Ўзбекистон Олий судида Андижон воқеаларини ташкиллаштиришда айбланаётган дастлабки 15 фуқаро устидан давом этаётган суднинг 21 сентябрь кунги мажлисида уч айбланувчи сўроқ қилинди.

Судланувчи Мўйдин Собиров ўз чиқишини кечирим сўрашдан бошлади ва айбига тўлиқ иқрорлигини билдирди. “Содир этган ўта оғир жиноятлари”га пушаймон эканини таъкидлади.

М.Собиров Андижон воқеаларини ташкил этишда энг фаол эштирок этган шасхлардан бири сифатида қараляпти ва Жиноят кодексининг 30 дан ортиқ моддаси бўйича айбланяпти. У 1963 йилда Қирғизистонда туғилган. Қамоққа олинган қадар Тошкентда яшаган. 1981-82 йилларда Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаган. Техника фанлари номзоди.

М.Собировнинг сўзларига қараганда, у акрамийлик диний оқими бўйича таълим олган. Акрамийлар билан Ўзбекистонда халифалик тузиш хусусида гаплашиб турган. Акрамийларнинг “ижодий халқа” номли бўғинига киритилган. Андижон воқеларида “террорчи”ларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш, босқинчилик, қўпорувчилик усулларини ўргатиш вазифаси унга юкланган.

“Хорижий ҳомийлар ва ОАВ бу мақсадларимизни қўллаб-қувватлаб турди. Чет эл ОАВ берган маслаҳатларга кўра, Андижонда суд майдонида пикетлар уюштириб, улардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда беқарорлик юзага келтириш мақсади бор эди”, - деди М.Собиров.

М.Собировнинг айтишича, Андижонда содир этиладиган “террорчилик ҳаракатлари”нинг ҳарбий бошқарувчиси сифатида ҳужум қилинадиган барча объектларни олдиндан ўрганиб чиққан, қайси ҳарбий қисмда қанча одам, қанча қурол борлигини суриштирган. Ҳар бир объектга ҳужум қиладиган махсус гуруҳлар тузилиб, уларга ҳарбий сабоқ берган.

Айбланувчининг таъкидлашича, ҳарбий ҳаракатлар учун тузилган гуруҳлар тайёргарликка киришган сўнгги кунларда милиция ходимлари акрамийларнинг гуруҳ тузаётганини пайқаб қолган шекилли, уларнинг аъзоларини қамоққа ола бошлаган.

М.Собировнинг иқрорига кўра, акрамийлар бу ҳаракатлардан ўзларининг қамоқхонадаги раҳнамоси Акрам Йўлдошевни огоҳлантириб турган ва сўнгги куни ундан ҳужумни бошлаш ҳақида телефон орқали фатво олган. Қўнғироқни ҳам А.Йўлдошевнинг ўзи қилган. У билан Қобил Парпиев гаплашган (у ҳозир хорижга чиқиб кетишга муваффақ бўлган).

“Шундан сўнг биз гуруҳларга бўлинган ҳолда патруль пост хизмати, ҳарбий қисм ва қамоқхонага ҳужум қилдик. Бу объектлар осонлик билан эгалланди. Ҳарбий қисмнинг катта ва кичик дарвозалари очиқ эди. Қамоқхонани эгаллашда биз томонга фақат 4-постдан ўқ отилди ва дарров тўхтади. Кейин билсак, уларнинг автоматларида 20 тадан ўқи бор экан. Қамоқхона эшигида турган пайтимда иккита ҳарбийдан ташқари қамоқхонанинг бирорта хизматчисини кўрганим йўқ”, - деди М.Собиров.

М.Собиров вилоят ҳокимлиги осонлик билан эгаллангандан кейин шу яқиндаги театр ва кинотеатрга ўт қўйишга, енгил автомобилларни ёқиб, йўлларни тўсишга ўзи буйруқ берганини билдирди.

“Қирғизистондан ҳам одамлар келди. Қирғизистоннинг руҳий масъули Акром Мамадалиев ўзи билан бирга қуролланган 80 нафар, қуролсиз 25 кишини олиб келганини айтди”, - деди М.Собиров.

У ҳокимлик биносига қуролли одамларини жойлаштиргани, 13 май куни кечки пайт гаровга олинган одамларни тирик қалқон сифатида олдинга қўйиб, шаҳардан чиқиб кетмоқчи бўлганини маълум қилди.

“Йўлда кетаётганимизда ортимиздан битта БТР ва 15-16 та ҳарбий кўринди. Провокация қилиш мақсадида олдиндан тузилган режа бўйича акрамий биродарлар гаровга олинганлар ва халққа ўқ отгандан кейин бу ерда ярадор ва ўликлар пайдо бўлди. Шу куни 19-20 ларда шу провокацияни ҳосил қилгандан кейин қочишга тушдик”, - деди М.Собиров.

Айбланувчи Қирғизистондаги қочқинлар лагерига боргани, у ердаги оғир шароитни кўриб, Ўзбекистонга қайтганини билдирди. Унинг айтишича, Ўзбекистон уни бир кун ушлаб, ҳукм чиқаришини билиб, Аравон йўли орқали Марҳамат туманига келган ва шу ерда қўлга олинган.

Шу куни суд томонидан сўроқ қилинган айбланувчилар Фарҳод Ҳамидов ва Алишер Ҳакимов ҳам ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди.

Ф.Ҳамидовнинг билдиришича, у Қобил Парпиев ва акрамийлар билан 1998 йилда жазо муддатини ўтаётган бир пайтда қамоқхонада танишган. 1999 йилда конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб иккинчи бор қамалган ва 2005 йилда амнистия бўйича озодликка чиққан.

Ф.Ҳамидов Андижон воқеаларига иштирок этгани ва у ерда яралангани ҳақида гапирди. У Қобил Парпиевни ўзи тушунган ёки тушунмаган ҳолда чет элликларга “ўйин ўйнаб берган”ликда гумон қилди.
XS
SM
MD
LG