Линклар

logo-print

Россия ва Ғарб матбуотининг Андижон воқеаларига қарашлари турлича


Басира Куни-кеча Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган дастлабки 15 фуқаро устидан бошланган суд жараёнини Россия марказий матбуоти ҳам кенг ёритмоқда.

Бу мақоллар “Ўзбекона ҳақиқат”, “Тошкент душманларини топди” каби сарлавҳалар остида берилмоқда.

Москвадаги Халқаро муносабатлар университети профессори Сергей Лузяниннинг “Время новостей” газетасига билдирган фикрича, расмий Тошкент душманларни, яъни Андижон воқеалари ҳомийлари ва ташкилотчиларини четдан, аникроқ айтганда, Қирғизистондан излашга уриняпти. Бу билан Ўзбекистон ўзининг айрим ички муаммоларини қўшни давлатга ағдаришга ҳаракат қиляпти.

“Тошкент душманларини топди” сарлавҳали мазкур мақолада ёзилишича, судланувчиларнинг 3 нафари Қирғизистон фуқаросидир. Уларга терроризм, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳаётига тажовуз қилиш, одамларни гаровга олиш ҳамда конституциявий тузумни ағдаришга уриниш каби ўнлаб айблар қўйиляпти.

Мақолада Андижон воқеалари юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича яна 106 фуқаронинг иши судга оширилиш арафасида экани билдирилади.

Газетанинг айтилишича, Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Анвар Набиев судланувчиларнинг ҳаммаси “Ал-Қоида”, “Акрамия”, “Ҳизб ут-таҳрир”, “Туркистон исломий ҳаракати” каби экстремистик ташкилотларнинг аъзолари эканини алоҳида таъкидлаган ва уларнинг Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдаришга уринганига эътибор қаратган.

Бу каби фикрларни Россиянинг бошқа нашрларида ҳам учратиш мумкин. Бу мавзуга Россия телевидениелари ва радиолари ҳам ўрин берган.

“Время новостей” газетасида айни пайтда Россия-Ўзбекистон муносабатларида илиқлик пайдо бўлгани, бу Владимир Путиннинг Андижон воқеаларида Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлагандан кейин бошлангани билдирилади.

Маҳаллий кузатувчилар икки давлат ўртасидаги илиқлик Россия матбуотига ҳам таъсирини кўрсатаётгани, рус ва хориж матбуотларининг Андижон воқеалари борасидаги қарашлари турлича эканини эътироф этмоқда.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази аъзоси Баҳром Ҳамроевнинг таъкидлашича, Тошкентдаги суд жараёни фақат хўжакўрсинга ўтказилаётган бўлиб, жаҳон ҳамжамиятини чалғитишдан бошқа нарса эмас.
XS
SM
MD
LG