Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:05

“Ўтюраклар” очлик эълон қилди


Феруза Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган 15 фуқаро устидан суд бошлангач, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларга нисбатан тазйиқлар янада кучайди, улар кучли назоратга олинди.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғуновнинг айтишича, унинг уйи олдида ҳатто тунда ҳам навбатчилик қилиняпти. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари бу ҳолни Тошкентда бошланган суд жараёни билан боғлаяпти. Улар ҳуқуқ ҳимоячисидан судда қатнашмасликни талаб қилмоқда.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, суд бошлангандан буён унинг уйини ҳуқуқ-тартибот ходимларидан бир неча гуруҳи навбатма-навбат назорат қилиб турибди.

“Уйимга келиб кетган одамлар ҳам кузатиляпти. Кеча кўчага чиққанимда орқамдан бирданига тўртта машина юрди”, - деди О.Орипов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга судни кузатишга рухсат этилмаётир. У Олий суд яқинига ҳам йўлатилмаяпти.

“Мен улардан судда қатнашувлар рўйхатига киритилганимни, қолаверса, оддий фуқаро сифатида ҳам унда қатнашиш ҳуқуқим борлигини эслатиб, нега бунга йўл берилмаётганини сўрадим. Улар мени уйдан чиқармаслик ва доимий назоратга олиш тўғрисида юқоридан буйруқ борлигини айтди”, - деди С.Икромов.

Олий суддаги жараёнда давлат айбловчиси Фарғонадаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг ҳам номи тилга олганди. М.Тожибоева ўзининг шаънига айтилаётган айбловлар асоссиз эканини таъкидлади ва суд бошлангандан буён у раҳбарлик қилаётган клуб аъзоларига кучли тазйиқлар бўлаётганини билдирди. Жумладан, клуб аъзоси Маъмур Мисиралиевга нисбатан Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган (буни бошқарма тергов бўлими бошлиғи Равшан Йўлдошев ҳам тасдиқлади), унинг оиласига турли кўринишдаги тазйиқлар бўляпти. Хусусан, клуб аъзоси қамаб қўйилиш билан қўрқитиляпти.

М.Тожибоева “Ўтюраклар” клуби аъзолари Фарғонада, қолаверса, бутун Ўзбекистонда “инсон ҳуқуқлари қўпол равишда паймол этилаётгани сабаб”ли 22 сентябрдан бошлаб очлик эълон қилганини билдирди.

“Бизга ўзи қабул қилган қонунларни ҳурмат қилмайдиган ҳукумат керак эмас”, - деди М.Тожибоева.
XS
SM
MD
LG