Линклар

logo-print

Катрина довулидан бир ой ўтар-ўтмас Мексика Қўлтиғидаги Нью Орлеанга етиб келган Рита довули шаҳарнинг таъмирланган дамбалардан бирини вайрон қилди.


Бунинг оқибатида Нью Орлеаннинг денгиз сатҳидан паст бўлган ҳудудларидан бирига яна сув тошди.
Хабарларга кўра, баъзи ҳудудларда сув бел бўйи кўтарилган.
Айни пайтда, Мексика Қўлтиғидаги АҚШ штатларида Рита довулидан қочаётган фуқароларни олиб кетаётган автобусда ёнғин содир бўлди.
Техас штатининг Даллас шаҳри яқинида содир бўлган воқеада, полициянинг хабар қилишича, 24 киши ҳалок бўлди.
Автобус эвакуация давомида ишлатилаётган асосий магистралда ёниб кетган, шу боис йўл тўсиб қўйилган.
Техас штатининг губернатори Рик Перри автобус ёнғини хусусида афсус билдириб, эвакуация режаси давом этишини таъкидлади.
“Пировардида миллионлаб одамларни довул йўлидан олиб чиқиш мақсадига эришилди. Муҳими, кўплаб техасликлар бу довул хавфини жиддий қабул қилди. Улар айтилганидан икки кун олдин йўлга чиқди ва шунинг учун хавфдан фориғ бўлади.”
Техаснинг Хьюстон шаҳридан 2 миллиондан ортиқ одам чиқиб кетди. Американинг катталиги бўйича 4чи ўринни эгаллайдиган Хьюстон хувиллаб қолди.
Айни пайтда метеорологлар Рита ўз йўналишини бироз ўзгартиргани боис, Хьюстон ва унинг яқинидаги Галвестон шаҳарчасини четлаб ўтишини мумкинлигини айтмоқда.
Ританинг шиддати бироз пасайганига қарамасдан, унинг тезлиги ҳали ҳам соатига 200 километрдан тезроқлиги айтилмоқда. Довулнинг шанба куни эрталаб Техас ва Луизиана штатларига етиб бориши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG