Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:08

Нодавлат ноҳукумат ташкилотларнинг Ўзбекистон ҳукуматига баёноти


“Озод Европа/Озодлик” радиоси ўзбек хизмати мухбири Носир Зокировни қўллаб-қувватлаш учун очиқ хат

“Озод Европа/Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг Намангандаги мухбири Носир Зокиров жорий йил Андижонда рўй берган воқеалардан кейин Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган тазйиқлар қурбони бўлди.

17 май куни милиция ходимлари Зокировнинг катта ўғлини ушлаб, қисқа муддат ҳибсда сақлаб турди. Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари уни Наманган шаҳрида норозилик намойиши ташкил этиш ва ноқонуний гуруҳлар тузишда айблади. Носир Зокиров расмий равишда тушунтириш берилишини сўраганидан сўнг унинг инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси бўлган ўғли қўйиб юборилди. Шундан кейин Зокировнинг уй ва мобиль телефони узиб қўйилди. Маҳаллий мобиль алоқа хизмати ходими Зокировга ўз раҳбари буйруғига кўра шундай қилинганини айтган.

17 июнь куни кечқурун МХХ ходими Зокировни маҳаллий милиция идорасига олиб бориб, “Озодлик” радиоси орқали берилган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов танқид қилинган шеър ҳақидаги лавҳаси юзасидан сўроқ қилган. Бир неча соатдан кейин Зокиров уйига қўйиб юборилган. Ҳафта ўтиб, милиция ходимлари Зокировни яна бир неча маротаба сўроққа чақирган. Ундан аввал Намангандаги маҳаллий газета Зокиров ҳақида таҳдид қилувчи мақола эълон қилиб, уни Андижон воқеалари ҳақида нотўғри ахборотлар тарқатганликда айблаган.

6 август куни Зокиров маҳаллий шоир Ҳайдарали Комиловга бўлаётган тазйиқлар тўғрисида шикоят қилиш учун МХХнинг вилоят бошқармаси ходимига қўнғироқ қилган. Август ойи бошида МХХ ходимлари Зокировга Андижон воқеалари ҳақидаги шеъри ўқиб эшиттирилган интервью берганини рад эттириш мақсадида Комиловга тазйиқ ўтказаётган бўлган. Босимларга учраб келган Зокиров МХХ ходими билан телефон суҳбати чоғида ўзини тута олмай қолган. Ушбу суҳбат МХХ томонидан унга қарши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 140-моддаси, яъни хавфсизлик кучлари ходимини хақорат қилганлик айби бўйича жиноят иши очилишига сабаб бўлди.

26 август куни ўз адвокати ва гувоҳлар иштирокисиз ўтказилган суддан сўнг Зокиров Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимини хақорат қилганликда айбланиб, 6 ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Зокиров суд залидан тўғри қамоқхонага олиб кетилди.

5 сентябрь куни Зокировнинг оила аъзолари у билан учрашмоқчи бўлди. Улар қўлида суднинг учрашишга рухсат берувчи ҳужжати бўлишига қарамай, қамоқхона бошлиғи учрашувга рухсат бермади. Эртаси куни Зокировнинг хотини эри билан учрашишга муваффақ бўлди.

15 сентябрь куни “Озод Европа/Озодлик” радиоси номидан адвокат Алишер Эргашев Наманган қамоқхонасига кириш учун рухсат олди. Дастлаб қамоқхона нозирлари адвокат Эргашевга Зокиров унинг хизматига муҳтож эмаслигини айтиб, мухбир билан учраштирмасликка ҳаракат қилган. Бир неча соат давом этган тортишувдан кейин адвокат Эргашевга Зокиров билан қамоқхона бошлиғи кузатувида учрашишга рухсат этилган. Эргашевнинг билдиришича, Зокиров кучли руҳий босим остида ва у қўрқитилган. Қамоқхона бошлиғи суҳбатни кузатиб турган бир шароитда Зокиров барча гапларни очиқ айта олмаган, лекин бир неча кун олдин у сақланаётган камерага жойлаштирилган маҳбуслар билан муаммо борлигига ишора қилган.

19 сентябрь куни Намангандаги апелляция суди Зокировнинг шикоят аризасини кўриб чиқиб, аввалги суд ҳукмини ўз кучида қолдирди. Ҳакамлар ҳайъати бундай қарорга келиш учун 15 дақиқа маслаҳатлашди, холос. Зокировнинг адвокати 26 август кунги суд жараёнида бир қанча камчиликларга йўл қўйилганини исботловчи далиллар келтиргани, жумладан, судда гувоҳлар қатнашмагани ҳамда айбланувчининг ўз адвокати судда қатнашмаганини билдирган бўлса-да, апелляция суди ҳакамлари бу даъволарни инобатга олмади.

Биз, “Озод Европа/Озодлик” радиоси вакиллари ва халқаро нодавлат ташкилотлар Носир Зокировнинг вазиятидан хавотирдамиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматини Зокировга нисбатан яхши муносабатда бўлиш ва уни дарҳол озод этишга чақирамиз. Шунингдек, биз Зокировга оила аъзолари ва адвокати билан эркин учрашишга рухсат берилишини сўраймиз.

Эътиборингиз учун раҳмат.


“Озод Европа/Озодлик” радиоси
Халқаро Хелсинки федерацияси
Халқаро инсон хуқуқлари лигаси
“Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази
Қозоғистон инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси
“Freedom Network” халқаро ташкилоти
Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси



XS
SM
MD
LG