Линклар

Тарғибот руҳидаги ахборотлар аҳоли фикрига таъсирини ўтказяпти


Озодбек Ўзбекистонликларнинг аксарияти “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан давом этаётган суд жараёни маҳаллий оммавий ахборот воситаларида етарли даражада ёритиб бориляпти, деган фикрни билдирди.

“Телевидение, матбуот бу суд жараёнини ишонарли, яхши ёритяпти. Нима бўлаётганини кўриб турибмиз”, - деди суҳбатдошлар.

Лекин бу жараённинг ёритилишидан қониқмаётган фуқаролар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг фикрича, телевидение судга бош мавзу сифатида қарамаётир. Асосан, қисқа баёнот бериляпти.

Яна бир тоифа суҳбатдошлар Андижон воқеаларида ким ноҳақ, ким ҳақлигини билмаслиги, шунинг учун суд жараёнига катта қизиқиш билдирмаётганини таъкидлади.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон ОАВ суд жараёнини кенг ёритаётгани ва улардан, асосан, тарғибот воситаси сифатида фойдаланилаётганини айтди. Унинг фикрича, улар ҳукумат тутган позициядан чиқаётгани йўқ. ОАВнинг тарғибот руҳидаги ахборотлари аҳолининг Андижон воқеалари бўйича қарашларига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Чунки улардан аксариятининг бошқа манбалардан ахборот олиш имконияти йўқ.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг таъкидлашича, давом этаётган суд жараёнларини маҳаллий ОАВ оз бўлса-да, инсоф билан ёритиши, ҳақиқий аҳволдан бехабар қолаётган оддий халққа сал бўлса-да, ҳақиқатни кўрсатиб бериши лозим.

“Улар эса қўғирчоқ. Журналистлар орасида виждонлилари ҳам бор. Лекин ҳар куни телевизорда чиқиб, воқеалар тизимини ўзича ясаётган журналистларга раҳмим келади. Ҳамкасбларимга ҳамдардлик билдираман”, - деди журналист.

Ш.Убайдаллаевнинг таъкидлашича, суд номига ўтаётгани кўриниб турибди.
XS
SM
MD
LG