Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:09

Археологик топилмалар катта қизиқиш уйғотяпти


Дилнаво Тошкент шаҳридан 100 километр шимолда жойлашган Обираҳмат ғоридан топилган 12 ёшгача бўлган болаларнинг суяклари дунё археология оламида катта қизиқишга сабаб бўлмоқда.

Ўзбек археологларининг Россия Фанлар академиясининг Новосибирскдаги филиали олимлари билан биргаликда ўтказган қазилмалари давомида бу ердан ёш болаларнинг суяклари топилди. Қазиб олинган бош, қулоқ ва тиш суяклари 50 минг йил муқаддам яшаган 12 ёшгача бўлган болаларга тегишли экани аниқланди.





Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ўткир Исломов бу суякларнинг топилиши катта аҳамиятга эга эканини билдирди.

“Дунёда илк бор неандерталь одамнинг ҳозирги одамга (Homo sapiens) ўтиш жараёни Ўзбекистонда юз бергани ҳақидаги хулосага келинди. Чунки шу пайтгача Homo sapiens революция йўли билан пайдо бўлгани, неандерталлар эса йўқолиб кетгани тўғрисидаги теория бор эди. Шунинг учун бутун дунё биздаги топилмага катта қизиқиш билан қараяпти. Бундай суяклар бошқа жойда топилгани йўқ”, - деди академик.

Ў.Исломовнинг сўзларига қараганда, энди топилган инсоннинг нафақат ташқи кўриниши, балки у яшаган шароит, турмуш тарзи ва имкони бўлса, ўлими сабабларини ҳам аниқлашга ҳаракат қилинади.

Обираҳмат ғорида 1962-65 йилларда олиб борилган қазиш ишлари чоғида ҳам жуда кўп ноёб топилмалар қўлга киритилган эди. Яқинда бу ерда яна археологик қазишмалар бошланди.

Ғордан чиққан янги ва ўта ноёб топилмалар Ўзбекистон Давлат тарихи музейига қўйилмоқда.
XS
SM
MD
LG