Линклар

Суднинг тўртинчи куни: “Ўғлим нима сабабдан ҳам орқасидан, ҳам олдидан ўққа тутилгани сабаби нималиги мени қийнайди”

  • Садриддин Ашур

Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суднинг 23 сентябрь кунги мажлисида кўрсатма берган судланувчилар Ўзбекистонда халифалик давлати қуриш учун кураш олиб борганини таъкидлади.

Шу куни судланувчилар Абдубоис Ибрагимов, Аваз Турғунов, Муҳаммадшокир Ортиқов ва Қирғизистон фуқароси Лочинбек Имонқулов кўрсатма берди.




Абдубоис Ибрагимов




Аваз Турғунов




Муҳаммадшокир Ортиқов




Лочинбек Имонқулов

Худди аввалги судланувчилар каби улар ўз сўзларини кечирим сўрашдан бошлади.

Акрамийлик диний оқимида итоатчи вазифасида бўлгани айтилган А.Ибрагимов ўз кўрсатмасида 13 май куни оқим раҳнамоси Акрам Йўлдошевдан қўнғироқ бўлганини билдирди.

“Штабга чиққанимда Қобил Парпиев А.Йўлдошев телефон қилгани, озод этилиши учун ҳужжатлари тайёрланаётганини айтди”, деди А.Ибрагимов.

Бундай кўрсатмани бошқа судланувчилар ҳам берган эди. Аммо суд раиси ҳам, давлат айбловчиси ва ҳимоячилар ҳам А.Йўлдошев қамоқда бўла туриб, қандай қилиб судланувчилар билан телефон орқали узлуксиз боғланиб тургани ҳақида савол бермаяпти.

А.Иброҳимовнинг айтишича, 13 май куни соат 18 ларда улар ҳокимлик биносини тарк этиб, Қирғизистонга чиқиб кетишга ҳаракат қилган. “Қуролланган биродарлари”га аёллар ва ёш болаларни ўртага олишни тайинлаган. Улар гаровдаги одамларни боғлаб олдинда олиб борган. “Биродарларининг пала-партиш отишмаси”дан сўнг бўлиниб, ҳар томонга қочилган.

А.Ибрагимовга гаровда бўлиб, ҳалок бўлганлардан бирининг отаси савол билан мурожаат қилди.

“Нега отишма айнан Чўлпон кинотеатри олдида бўлди, бошқа жойда эмас? Ўғлимнинг ҳам орқасидан, ҳам олдидан 11 жойидан ўқ теккан. 1-2 ўқ билан йиқиладиган боланинг ҳар томондан ўққа тутилганига сабаб нималиги мени кўп қийнаяпти”, - деди жабрдийда.

А.Иброгимов “биродарлари” пала-партиш ўқ отгани учун шундай бўлганини билдирди.

Прокурорнинг ўша ерда тинч аҳоли ҳарбийлар томонидан отилдими, деган саволига А.Ибрагимов йўқ, деб жавоб берди ва бу маълумотларни ёлғон, деб билишини таъкидлади. У 13 май куни Қирғизистонга қочиб ўтгани, 7 июль куни қирғиз паспорти билан Ўзбекистонга қайтиб келганида қўлга олинганини маълум қилди.

Тошкент шаҳарилик судланувчи Аваз Турғуновнинг кўрсатма беришича, у 23 акрамийнинг суди бўлаётганида пикетга қатнашиш учун Андижонга олиб борилган.

“13 майга ўтар кечаси ҳарбий қисмга кириш осон бўлди. Чунки эшиклари оддий ёғочдан, қулфи Хитойнинг оддий қулфи эди. Осон бузиб, ичкарига кирдик. У ердан тахминан 25-30 та автомат, 3-4 та граната олинди”, - деди А.Турғунов.

А.Турғунов, шунингдек, қамоқхонага, ҳокимлик биносига қилинган ҳужумларда қатнашганига иқрор бўлди. У дастлабки тергов чоғида ўзига тазйиқлар бўлмагани, барча кўрсатмаларни ўз ихтиёри билан бераётганини айтиб, “одамлардек муомала қилаётгани, ҳақ-ҳуқуқини паймол қилмаётгани” учун ҳуқуқ-тартибот ходимларига миннатдорлик ва ташаккур билдирди.

Судланувчи М.Ортиқовнинг айтишича, у шахсан Акрам Йўлдошевнинг ўзидан таълим олган.

“Бизнинг мақсадимиз аввал Ўзбекистонда, сўнгра бутун дунёда халифаликни жорий қилиш эди. 23 акрамий устидан бўлаётган суд жараёнида ниҳоясига етиб қолганида Баҳром Шокиров, Шариф Шокиров, Равшанбек Азимжонов биз хотиржам, қўрқмай ўтиришимиз мумкинлиги, бизнинг қамалиб ўтирганимиз баҳонасида чет эллик журналистлар билан бирга одамларни йиғиш осон бўлаётганини айтди”, - деди судланувчи.

М.Ортиқов сўзларига кўра, ҳокимлик биноси қўлга олингач, Шариф Шокиров ва Ғуломхон Нодиров гаровга олинган милиция ходимини қийнаб, хорижлик журналистларга интервью бердирган. Милиция ходими одамларга ўқ отгани тўғрисидаги гапиришга мажбурланган.

Жабрланувчи Раҳмонов гаровдагилар атайин отиб ташланмаганмикин, деган савол билан судланувчига мурожаат қилди.

“Қобил Парпиевнинг қуролсиз ҳолда чиққан ҳарбийни отиб ташлашни буюрганидан келиб чиқсак, атайлаб отиб ташлаш мақсади бўлган”, - деди М.Ортиқов.

Бу савол қийин келди шекилли, судланувчи бир жавобида “кўпчилик атайлаб отмаганини”ни билдирган бўлса, кейинроқ “том маънода атайлаб отиб ташланган деса тўғрироқ бўлиши”ни таъкидлади.

Судланувчилардан 3 нафари Қирғизистон фуқароси бўлиб, 23 сентябрь куни улардан бири Лочинбек Имонқулов кўрсатма берди. У, ўзининг айтишича, Ўш вилоятининг Аравон туманидан. Акрамийлик оқимига амакисининг даъвати билан қўшилган. Акрамийларнинг итоатчиси.

Л.Имонқуловнинг сўзларига кўра, 2004 йил 23 сентябрда 23 акрамий қамалгандан сўнг жиҳодга тайёргарлик кўрила бошланган. Қирғизистонда улар жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик кўрган.

“Ўш шаҳрининг марказий стадионида жисмоний тайёргарликдан ўтдик. Андижонлик мураббий Илҳом Ҳожиев келгандан кейин у бизни каратэ ва бокс билан шуғуллантирди. Қишлоғимизда ҳам 8-9 акрамийдан иборат жамоат бор эди. Устамиз Файзулло Тешаевдан Аравон туманидаги Теке маҳалласида совет давридан қолган полигонда жанговар тайёргарликдан ўтишганини эшитдим. Лекин мени у ерга тайёргарликка оборишмаган”, - деди Л.Имонқулов.

Л.Имонқулов Ўшда 30 киши йиғилгани, кейин автомати билан Ўзбекистонга кириб келгани, бу ерда қуролларни руҳий масъуллар олиб қўйиб, ҳокимлик биноси олдида қайтариб берганини гапирди. У барча қуролли ҳужумларда қатнашганини билдирди.

“13 май куни 5-5.30 ларда мен Ўшдан келган биродарларимизнинг аксариятини қўлида тўппонча ва автоматлар билан кўрдим. Биз ўша куни Қирғизистондан 70 тача бўлиб келганмиз”, - деди судланувчи.

Л.Имонқулов Сой маҳалласидаги жангларда чап қўлидан ярадор бўлиб, Жалолқудуқ тумани шифохонасида даволанаётганига қўлга олинганини таъкидлади.

Суд жараёни душанба куни давом эттирилади.
XS
SM
MD
LG