Линклар

logo-print

ЕХҲТ анжуманида Андижон масаласи бош мавзу бўляпти

  • Садриддин Ашур

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг инсон ҳуқуқи масалаларига бағишлаб Польша пойтахти Варшавада ўтказилаётган халқаро анжуманида Ўзбекистон ҳукуматидан вакиллар қатнашмаяпти.

Бу анжуманда ташкилотга аъзо элликдан ортиқ давлатдан фақат Ўзбекистоннинг расмий вакиллари йўқ.

Аммо анжуманда ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва сиёсатшунослардан бир гуруҳи иштирок этяпти.

Анжуманда қатнашаётган инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг сўзларига қараганда, Варшавага Ўзбекистондаги ўндан ортиқ нодавлат ташкилот вакиллари келган.

А.Эргашев халқаро анжуманда ҳаракат эркинлиги масаласида маъруза қилди. Ўз маърузасида собиқ иттифоқ республикалари мустақилликка эришгач, уларнинг ўзаро чегаралари сим тўсиқлар билан ўралиб, қуролли чегарачилар назоратига ўтгани натижасида борди-келди қийинлашганига тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқиши мураккаблашиб бораётгани, мамлакат ичида ҳаракат қилишдаги муаммолар ҳақида гапирди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг маърузаси Ўзбекистонда сўз эркинлиги мавзусига бағишланди. Унинг таъкидлашича, мамлакатда сўз эркинлигига йўл қўйилмайди. Ҳукумат учун зўриқиш шакллантириш ва унинг легитимлигини туширишга қаратилган ҳар қандай ахборотга қарши ашаддий кураш олиб борилади. Шундай ахборот манбаси бўлган шахслар ва ташкилотларга қарши ҳатто қатағонлар ўтказилади.

“12 кун давом этадиган анжумандаги энг асосий масала Андижон мавзуси бўлиб турибди. Ўзбекистон тўғрисида гап кетганда ҳатто сайловлардаги қалбакиликлар, сўз эркинлиги масаласи ҳам кейинги ўринга тушиб қоляпти. Халқаро ташкилотлар маърузачилари Андижон воқеалари юзасидан суд бошлангани, бу судлар эркин бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида гапиряпти”, - деди К.Раббимов.

Анжуман 30 сентябрга қадар давом этади ва унда Ўзбекистон делегацияси аъзоларидан бир нечасининг маъруза қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG