Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:55

Павел Фелгенгауер: “Россиядан ҳимоя кутиш нотўғридир”


Шайбон Россия мудофаа вазири Сергей Ивановнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи давомида икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинади.

Жумладан, минтақадаги хавфсизлик масалалари Афғонистонда бўлиб ўтган парламент сайлови доирасида кўриб чиқилади.

Бу ҳақда Тошкент аэропортида журналистлар билан суҳбат чоғида Россия мудофаа вазирининг ўзи маълум қилди.

Ташрифнинг биринчи куни (21 сентябрь) С.Иванов ўзбекистонлик ҳамкасби Қодир Ғуломов билан икки давлат ҳаво транспортлари хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашда қатнашди.

“Агар тўғри тушунган бўлсам, бу ерда гап шу икки вазирликка тегишли ҳаво транспортлари ва уларнинг давлат буюртмаси асосидаги парвозлари ҳақида бормоқда”, - деди имзоланган ҳужжат ҳақида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Раҳимжон Нурназаров “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Россия мудофаа вазирининг фикрича, Ўзбекистон-Россия муносабатлари, жумладан, ҳарбий алоқалари янги ва ўта муҳим босқичга кўтарилган. Бундай алоқалар террорчилик хуружларига бевосита дучор бўлган икки давлат учун жуда керак ва фойдалидир.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда С.Иванов ташрифининг асл моҳияти террорчиликдан жабр кўраётган икки давлатнинг ўзаро жабрдош биродарга айланишидан дарак эмаслигини таъкидлади.

“Суд жараёнлари бошлангандан кейин (Андижон воқеалари қатнашчилари устидан) С.Ивановнинг Тошкентга келиши ва қўшма машқлар ўтказилиши Ўзбекистонга маънавий, сиёсий ва ҳарбий ёрдам кўрсатилишини, Россия мавжуд тузумни қўллаб-қувватлашини билдиришдир”, - деди Т.Йўлдошев.

Россиялик ҳарбий масалалар бўйича мутахассис Павел Фелгенгауэр Россиядан қандайдир улкан ҳимоя кутиш ёки унга мадакор куч сифатида қараш нотўғри эканини билдирди. Россияда, унинг эътирофича, Марказий Осиё учун захира имкониятлари мавжуд эмас. Борлари ҳам Шимолий Кавказга йўналтирилган. Албатта, бу Россиянинг имкониятлари нолга тенг дегани эмас, бироқ имкониятлар жуда чекланган.

Россиялик мутахассис Ўзбекистонда бирор воқеа, масалан, “рангли инқилоб” бошланса ҳам расмий Москва уни бостиришга ёрдам бериш қудратига эга эмаслигини билдирди.

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг таъкидлашича, Россиядаги сиёсий ва ҳарбий доиралар Москванинг Марказий Осиёдаги таъсири сусаяётгани, АҚШники эса кучайиб бораётганини эътироф этган ҳолда вазиятни ўнглаш учун тезкор чоралар кўряпти. Ўтказилаётган қўшма машқларнинг ҳам муайян геосиёсий мақсадлари бор.

С.Иванов ўз ташрифи чоғида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов билан учрашишини маълум қилганди. Аммо бу учрашувлар ҳақида ҳеч қандай маълумот тарқатилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG