Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:55

С.Икромов: “Бирорта одамдан ўлганлар сони мингдан кам бўлгани ҳақида эшитмадим”


Фирдавс 13 май воқеаларидан буён бир неча ой ўтган бўлса-да, ҳали-ҳамон андижонликлар хаёлида, турмуш тарзида ўша ҳодисаларнинг асоратини яққол сезиш мумкин. Халқ орасида қўрқув ҳисси ҳали сўнгани йўқ.

20-22 сентябрь кунлари Андижонда бўлиб, 13 май воқеалари юзасидан мустақил суриштирув ўтказган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов шуларни маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, андижонликларнинг кўпчилиги шу пайтгача бўлиб ўтган воқеалар ҳақида бегона кишилар билан суҳбатлашишдан чўчийди.

“Биз билан суҳбатлашганлар орасида гапирса ҳам исмини ошкор этмасликни илтимос қилганлар, очиқ-ойдин гапиришдан ҳайиқмаганлар ҳам бўлди. Мен шахсан қирқдан ортиқ киши билан гаплашиб, одамлар орасида ҳали ҳам қўрқув бор, деган хулосага келдим”, - деди С.Икромов.

С.Икромов шунча ой ўтганига қарамай, кўпчилик Андижон фожеасидан кейин дом-дараксиз кетган яқинлари ва қариндошларини топа олмай келаётганини билдирди. Унинг андижонликлар сўзларига таяниб айтишича, яқинлари тақдирини билиш учун ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган кўпчилик аниқ жавоб ололмаган.

С.Икромов Андижон воқеаларида 187 киши ўлгани тўғрисида Бош прокуратура берган маълумотни шубҳа остига олди.

“Кўпчилик 1,5-2 минг киши ўлганини айтяпти. Бундан катта сонни айтаётганлар ҳам бор. Бирорта одамдан ўлганлар сони мингдан кам бўлгани ҳақида эшитмадик”, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

С.Икромов расмий маълумотларда ўлган аёллар ва болалар сони жуда камайтириб кўрсатилганини таъкидлади. Унинг билдиришича, воқеа гувоҳлари Андижон воқеаларида жуда кўп аёл ва болалар ўлганини айтган. Ўша воқеаларда бола-чақаси билан қатнашган баъзи оилаларнинг қаерга ғойиб бўлгани ҳали ҳам маълум эмас.
XS
SM
MD
LG