Линклар

Қозоғистонлик ўзбеклар “юрагининг бир парчаси” Ўзбекистонда қолган


Қозоғистонлик ўзбекларнинг Ўзбекистонда чиқадиган газета ва журналларни ўқишга иштиёқи баланд. Аммо бу нашрларни мамлакат ҳудудида сотишга тарқатишга тўсиқлар пайдо бўляпти.

Сайрамлик 30 ёшли журналист Қобилжон Худойберганов "Жамият ва маърифат" газетасида мухбир бўлиб ишлайди. Бўш вақтларида эса газета савдоси билан шуғулланади.

“Ўзбекистонда нашр қилинаётган газета ва журналларнинг бозори чаққон. “Даракчи”, “Ҳордиқ” каби газеталарни сотаман. Марказий бозорда солиқ инспекцияси ходимлари 22 сентябрь куни мени ушлаб, бу газеталарни сотиш мумкин эмаслигини айтди. Вилоят прокурори буни тақиқланган эмиш. Мени Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаментига олиб боришиб, сўроқ қилишди. Савдо патентим ва ишхона берган гувоҳномани олиб қўйишди ”, - деди Қобилжон.

“Озодлик” мухбири мавзу бўйича департамент ходимларига мурожаат қилганида, улар Ўзбекистон нашрларини сотишни тақиқлаш бўйича ҳеч қандай гап-сўз йўқлигини билдирди.

Қобилжоннинг сўзларига қараганда, Чимкент вилоятидаги ўзбеклар ўзбекча нашрларини кўп сўрайди. У Ўзбекистондаги хусусий тадбиркорлар билан бундай нашрларни етказиб бериш бўйича шартнома тузган.

Жанубий Қозоғистондаги ўзбеклар, асосан, ўзбекча нашр қилинган кўлгилочар газеталарни мутолаа қилади. Улар “Тафаккур” журнали, “Даракчи”, “Ҳордиқ”, “7 х 7”, “Аёл қалби” газеталарини қизиқиб ўқийди.

“Ўзимизнинг вилоятда ўзбекча газеталар бор. Аммо уларда ўзбекистонликлар ҳаёти ҳақида маълумот кам”, - дейди суҳбатдошлар.

Жанубий қозоғистонлик ўзбеклар Ўзбекистон телеканалларини томоши қилишни ҳам истайди. Аммо бу каналларни томоша қилиш имкониятига эга эмас.

“Ўзбек телеканалларини бизда олиб кўрсатиш йўлга қўйилишини истаймиз. Ўзбекистонлик миллатдошларимиз ҳаёти бизга ҳам қизиқ. Юрагимизнинг бир парчаси ўша ёқда қолган”, - деди суҳбатдошлар.

Маълум бўлишича, Жанубий Қозоғистондаги ўзбек маданият маркази Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ бундай муаммоларни ҳал қилишга уриниб кўрган. Лекин ҳозирча бирорта ижобий натижа йўқ.
XS
SM
MD
LG