Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:10

Б.Мусаев: “Ўзбекистон юргизаётган сиёсати билан халқаро экстремизм ва терроризмга замин яратиб беряпти”


Феруза Шу кунларда АҚШ ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Ушбу ташриф давомида расмий Тошкент билан сиёсий ва минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШга турли эътирозлар билдириш кампания тусини олди. Бироқ шу вақтгача расмий Тошкентнинг бу танқидларига на АҚШ, на Европа давлатлари жиддий эътибор қаратаётгани йўқ. Ғарбнинг Андижон воқеалари бўйича халқаро текширув ўтказиш талабига Ўзбекистон ҳам қулоқ солмаяпти.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида “совуқ уруш” ҳолати ҳукм сураётган бир пайтда Вашингтондан келаётган делегациянинг мақсади нима бўлиши мумкин? Режалаштирилган музокаралар ўз натижасини берадими?

“Озодлик” мухбири шу каби саволлар билан ўзбекистонлик сиёсатшуносларга мурожаат қилди.

Сиёсатшунос Комрон Алиев Ўзбекистон ҳукумати АҚШ делегациясини қабул қилишига ва музокаралар чоғида кўп масалаларда келишувга эришилишига ишончи комил эканини билдирди.

“Ўзбекистон иқтисодиёти АҚШ ва бошқа тараққий этган мамлакатлар билан шунчалик боғланганки, бу алоқаларни осон узиш мумкин эмас. АҚШ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки давлат ўртасидаги муносабатлар узил-кесил ижобий томонга ҳал этилишига умид бор”, - деди К.Алиев.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, АҚШ делегацияси Ўзбекистонга, аввало, демократик қадриятлар ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш мақсадида келяпти. Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатини фақат мамлакат президентининг ўзи белгилашини ҳисобга олиб, Вашингтондан келаётган расмий меҳмонларни Ислом Каримов қабул қилиш-қилмаслигини олдиндан айтиш қийин.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев эса АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга юқори мартабали вакилларини юбораётганини олқишлашини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётида юзага келган ҳаққоний вазиятини ҳисобга олса ва соғлом фикрласа, АҚШ вакилларини қабул қилиши керак.

“Ўзбекистон ижтимоий жарликка қулаб бўлди, энди эса сиёсий чоҳ ёқасига етиб келди. Агар АҚШ назоратга олмаса, мамлакатда ҳақиқатан ҳам ижтимоий портлаш рўй бериши, бу эса минтақада оғир оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиш аламли. Ўзбекистон ўзи юргизаётган сиёсат сабаб халқаро экстремизм ва терроризмга замин яратиб беряпти”, - деди Б.Мусаев.

Жамиятшунос Ўзбекистон АҚШ вакилларининг ташрифини ўзига берилган сўнгги имконият сифатида қабул қилиши ва бундан оқилона хулоса чиқариши кераклигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG