Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:43

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий нашрларда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан бошланган суд жараёнига муносабат билдирилган кўплаб мақолалар чоп этилди.

“Халқ сўзи” газетасининг 23 сентябрь сонида Қўчқор Норқобилнинг “Тажовуз талвасаси ёхуд Андижон воқеалари хусусида бўҳтонлар яна кўпайиб қолгани ҳақида” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Мақолада бундай сўзлар бор: “Эътибор беринг, баъзи бир ОАВ вакиллари томонидан Интернет орқали тарқатилган қисқагина ахборотнинг ўзида шундай чалкашликлар, бир-бирини инкор қиладиган фикрлар мавжудки, уларнинг ётиб қолгунча, отиб қол қабилида вайсаётганини сезиб, шўринг қурғурларга ачиниб кетасан киши. Улуғ адибимиз Ойбек домла айтгани каби: “Бу кунингдан кўра, гўнг титганинг яхшимасми?..”


“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 23 сентябрь кунги сонида Юнус Бўроновнинг “Холис бўлолмадингиз” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Муаллиф Андижон воқеалари мавзусида ёзаётган хорижий мухбирлар ҳақида тўхталади: “Тўғри, сизларни ҳам тушуниш керак. Мамлакатимиздан узоқ-узоқларда ўтирган ҳомийларингиз сизни анча харажат сарфлаб, Ўзбекистонда ушлаб турибди. Бунинг устига ишонарли қилиб тўқилган ҳар бир бўҳтон учун яхшигина ҳақ тўлашаяпти. Бундай шароитда тўқиб-бичиб бўлса ҳам кунига камида икки-учта мақола жўнатиб туриш сизнинг “бурчингиз”, ахир. Шундай эмасми? Йўқса, валенеъматларингизнинг “кўки”да бериладиган “эҳсонлари”дан айрилиб қолишингиз турган гап”.


“Моҳият” газетасининг 23 сентябрь кунги сонида Иброҳим Норматовнинг “Замона зўрникими?” сарлавҳали памфлети босилди. Унда, муаллиф ўзига маълум “зўр”ларга қарата бундай мурожат қилади: “Сизлар буни билмайсизлар, ҳис этмайсизлар. Шунинг учун дон бўлса бас, беданадек тўғри келган ерда сайраб юраверасизлар. Ўзбек дон бўлса ҳам ватансиз яшай олмайди. Шунинг учун омон бўлсак, вақти келиб, олиб чиқиб кетилган 439 нафар ўзбекнинг тақдирига қайтамиз. Ўшанда ҳали яна гаплашамиз. Ишончимиз комил, қўлларингиздан уларнинг қалбини жароҳатлашдан бошқа ҳеч нарса келмайди”.


“Адолат” газетасининг 23 сентябрь кунги сонида чоп этилган “Қора кўзойнак ёхуд нонкўрликнинг баҳоси қанча?” сарлавҳали мақоласида Шуҳрат Деҳқонов қуйидагича ёзади: “Норасмий маълумотларга қараганда, хориж радиоларининг ана шундай ёлланма ишчилари (мухбирлардан ташқари!) мамлакатимиз, унинг бунёдкор халқи устига ағдарган мағзаваларининг бир дақиқаси учун 25-30 доллар олишаркан. Агар бу мағзава қуюқроқ бўлса, яъни “сенсация”га айлана олса, “чойчақа” ҳам шунга мос: ҳар дақиқасига 50 гача бораркан!”

Шуҳрат Деҳқонов гўёки Қўчқор Норқобилга Ойбек домланинг асарларини ундан кам ўқимаганини кўрсатиш учунми ёки “бўёқ”ларини қуюқлаштириш учунми, мақолани маромига келтириш мақсадида қуйидаги мисраларни тизади: “Ҳанузгача тўғри сўзни хаёлига келтирмаётган, оқнинг устидан қора рангни қуюқлаштириб чаплаб ташлаётган “бўёқчи”ларнинг андишасиз қилмишлари беихтиёр мазлум Йўлчининг тоғаси Мирзакаримбойга қарата ғазаб билан айтган сўзларини ёдга солади: “Бундан кўра, гўнг титганинг яхши эмасми, қари товуқ?!”
XS
SM
MD
LG