Линклар

“Ўзбегим” сайти очилди


Басира Москвада нашр этилаётган “Ўзбегим” газетасининг Интернетдаги талқини ҳам пайдо бўлди. Газета сайтида форум ташкил этилган бўлиб, унда сайт ўқувчиси Россияда истиқомат қилаётган таниқли ўзбекистонликлар ҳақида маълумот қолдириши ёки улар ҳақида керакли маълумот олиши мумкин.

“Ўзбегим” интернет сайти муассиси Ҳабиб Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, газета Россияда турли соҳаларда меҳнат қилаётган ўзбеклар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб боради.

“Россиядаги ўзбеклар орасида ўз ўрнини топган, катта ютуқларга эришаётганлари ҳам бор. Биз улар ҳақида ҳам ёзиш ниятидамиз. Шунинг учун сайтда улар ҳақида маълумот берадиган форум очдик”, - деди Ҳ.Абдуллаев.

Унинг айтишича, сайт очишдан кўзланган мақсадлардан бири ўзбекларнинг Россия матбуотида кўтарилмаётган муаммоларини ёритишдир. Жумладан, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россияга қанчалик фойда келтираётгани масаласини кўтариш кўзланяпти.

“Ўзбегим.ру” сайти 15 сентябрдан буён ишламоқда. Ҳозирча унда фақат рус тилидаги маълумотлар жойланган. Яқин кунларда сайтнинг ўзбек тилидаги талқинини ҳам ишга тушириш режалаштириляпти.

Ҳ.Абдуллаевнинг таъкидлашича, ҳозирча сайтга кираётганлар сони кўп эмас. Чунки Россияда ишлаётган ўзбек мигрантларининг Интернетдан фойдаланиш имконияти чекланган.
XS
SM
MD
LG