Линклар

logo-print

Қозоқча демократия: Президентликка аёллар ҳам даъвогарлик қиляпти


Қозоғистон президентлигига номзодлар сони рекорд даражага етди. Марказий Осиёнинг энг йирик давлатини бошқаришга даъвогарлар орасида олий маълумотга эга бўлмаган икки аёл ҳам бор.

Булар талгарлик Майра Карамова ва оқтўбалик Майрамгул Кожагуловадир. Уларнинг иккаласи ҳам ўрта маълумотли. М.Кожагулова парламент сайловида ҳам қатнашишни хоҳлаганди. Аммо парламентга фақат олий маълумотлилар сайланиши мумкинлиги сабабли унинг нияти амалга ошмаганди. Мавжуд қонунчиликка кўра, Қозоғистонни ўрта маълумотли шахс ҳам бошқариши мумкин. Шунинг учун М.Кожагулова имкониятни бой бермасдан сайловда қатнашишни маъқул кўрди.

Кузатувчилар президент сайловида "Асар" партияси лидери Дариға Назарбоева ҳам ўз номзодини қўйиши мумкинлигини тахмин қилганди. Аммо у ўз партияси билан бирга отаси, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг номзодини қўллаб-қувватлашини эълон қилди.

Давлат раҳбарлигига даъвогарлар орасида мухолифат лидери Жармахон Туяқбой, тадбиркор Салим Ўтан, собиқ тракторчи, айни пайтда адвокат Мекемтас Тлеулесов, парламентдаги бош жанжалкаш, олий маълумотни тасдиқловчи учта диплом эгаси Ерасил Абилқосимов, мафияга қарши доимий курашчи Асилбек Омонтой Ҳожи ва бошқалар, жами 11 киши бор. Кузатувчилар номзодлар сони яна кўпайиши мумкинлигини тахмин қиляпти.

Мухолифат вакилларидан бири Абдулмалик Сармонов сайлов бор-йўғи ўйин экани, номзодлар кўп бўлса-да, уларни кўпчилик танимаслигини билдирди.

Президентликка номзодлар орасида бошқалардан бутунлай ажралиб турадиган шахслар ҳам учрайди. Улардан бири собиқ комсомол котиби Асилбек Омонтой Ҳожидир. У ҳамма жойда қозоқ миллий чопони устидан оқ халат кийиб, бошида қозоқча қалпоқ, қўлида доимий таёқ билан кўринади. Ҳожининг Остона шаҳри кўчаларида дарахтга чиқиб, мафияга қарши шиорларни осиб юрганини Қозоғистондаги барча телеканаллар қайта-қайта намойиш этди.

Қозоғистон жамоатчилиги президентликка талабгорларни тиббий кўрикдан ўтказиш шартлигини айтмоқда. Президентликка талабгорлар ариза ва тарафдорлари имзосидан ташқари ўзининг жисмоний ва руҳий ҳолати жойида эканини ҳам исботлаши керак, демоқда улар.

Айни кунларда Қозоғистонда сайловолди можаролари ҳам бошланди. Мухолифатдаги партияларнинг "Адолатли Қозоғистон учун" ҳаракати лидери Жармахон Туяқбой Марказий сайлов комиссияси устидан Олий судга даъво аризаси киритди. Туёқбой комиссияни коррупцияда ва ўзининг ҳуқуқларини паймол қилишда айбламоқда.

Президентликка талабгорлардан иккитаси, жумладан, М.Кожагулова номзодлар учун қозоқ тили бўйича имтиҳондан ўта олмади. Айни пайтда у имтиҳон натижалари қайта кўриб чиқилишини талаб қиляпти.

Яқинда “Овул” партияси президент сайловида амалдаги давлат раҳбари Н.Назарбоевни қўллаб-қувватлашини билдирди ва бунинг эвазига қашшоқлар учун ҳар йили 6 миллиард танга ажратилишини сўради.
XS
SM
MD
LG