Линклар

logo-print

Белгиланган тадбир ўтказилмади


Феруза 27 сентябрь куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мухолифатдаги партиялар ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакилларининг қўшма мажлис ва матбуот анжумани ўтказишига йўл қўймади.

Тадбирда қатнашиши керак бўлган шахслар ушланиб, ички ишлар бўлимларига олиб кетилди ёки уйидан кўчага чиқарилмади. Жумладан, “Мазлум” инсон ҳуқуқлари жамияти ижрочи директори Аъзам Турғунов ҳам тонг саҳарданоқ Собир Раҳимов тумани ИИБга олиб келинди.

“Соат 6 дан бери ИИБда ўтирибман. Улар мени нима сабабдан ушлаб ўтирганини айтмаяпти. Юқоридан берилган буйруқни бажаришаётган бўлса керак”, - деди “Озодлик” радиосига қўнғироқ қилган А.Турғунов.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов ҳам эрта тонгда ИИБга олиб кетилгани маълум бўлди. Унинг хотини Ҳавожон опанинг айтишича, уйида водийдан келган уч киши бўлган. Маҳалла фуқаролар раиси уч милиция ходими билан келиб, меҳмонларни олиб кетган. Кейин эри ҳам олиб кетилган.

"Эрк” партияси фаоли Дилором Исҳоқованинг сўзларига қараганда, тадбир ўтказилиши керак бўлган кафе, гарчанд ижара ҳақи тўланган ва бошқа расмиятчиликлар тўла бажарилган бўлса-да, 27 сентябрь куни беркитилган. Ҳатто кафе ёнидаги чойхона ва сомсахона ҳам ишламаган.

“Нью-Жерсида Ўзбекистон бирлашган демократик кучлари ташкилоти рўйхатга олинган. Унга 17 та ташкилот аъзо бўлган. Бугунги тадбирда ҳам унга бир неча ташкилотлар аъзо бўлиши, унинг устави билан танишиш режалаштирилган эди. Тадбир доирасида Қозоқбой Маҳмудовнинг “Туркистон тарихи” китоби тақдимотини ўтказиш ҳам белгиланганди”, - деди Д.Исҳоқова.

Д.Исҳоқова тадбирда қатнашадиган мухолифат вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг ИИБларга олиб кетилгани ҳукуматнинг қўрқуви натижаси эканини таъкидлади.

Маълум бўлишича, тадбирга вилоятлардан ҳам вакиллар таклиф этилган. Уларнинг кўпчилиги йўлда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олингани тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG