Линклар

Арифметиканинг кучи ёки “Ижтимоий фикр” сўрови натижаси шубҳа уйғотди


Шайбон

Диёр Дилёр имзоси билан “Озодлик” радиосига мактуб жўнатган фуқаро “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг аҳоли ахборот олишда телевидение ва газеталардан қанчалик фойдаланаётгани борасида ўтказган сўрови натижаларига шубҳа билдиради. Унинг айтишича, сўров натижалари қалбаки эканини осонгина аниқлаш мумкин.

“Ижтимоий фикр” хулосасида айтилишича, зарур ахборотларни Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизи республика марказий телевидениеси, 1 фоизи “Халқ сўзи” газетаси орқали оларкан. Шу ўринда ТВни билмадиму, аммо матбуот соҳасига қолганда “Ижтимоий фикрнинг” айни иддаоси ғирт ёлғон. Буни “Халқ сўзи” газетасининг айни пайтдаги тиражига назар ташлаб, осонгина аниқлаш мумкин”, - деб ёзади Диёр Дилёр.

Мактуб муаллифи ўз даъвосини далиллаш учун арифметик ҳисоб-китобларни келтиради: “Мазкур нашрнинг 2005 йил 1 сентябрь, яъни байрам сонини олиб қараганимда “Халқ сўзи” ўша куни 21.654 нусха босилгани ёзиб қўйилганини кўрдим. Ўзбекистон аҳолисининг ҳозирги сонини тахминан 27 миллион деб ҳисоблаган тақдиримизда унинг 1 фоизи 270 минг кишини ташкил этади. Демак “Халқ сўзи”ни мамлакат аҳолисининг 1 фоизи ўқиши учун у 270 минг нусхада чоп этилиши керак. Аслида эса газетанинг нусхаси аранг 22 мингга етиб бормоқда. Бу рақам фоизга айлантирилганда, атиги 0,08 фоизни ташкил этади. Бошқачароқ тушунтирганда, “Халқ сўзи”ни “Ижтимоий фикр” даъво қилаётганидек, ўзбекистонликларнинг ҳар 100 тасидан биттаси эмас, балки ҳар 1247 тасидан биттаси ўқийди”.
XS
SM
MD
LG