Линклар

Қозоқлар “ўзбек ўз оғаси” эканини унутди...ми?


Қозоғистонда гастарбайтерлар сони кўпайиб бораётганидан ташвишга тушган мамлакат ҳукумати ноқонуний миграцияга қарши кескин кураш бошлади. Ушбу жараёнда миграция хизматига ҳам қаттиқ талаблар қўйиляпти.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган ҳафтада Остона ва Олмаота шаҳарлари ҳамда Жанубий Қозоғистон вилояти миграция бошқармалари бошлиқлари ишдан бўшатилди. Бошқа жойлардаги миграция хизмати раҳбарларига ҳам огоҳлантириш ва ҳайфсанлар берилди.

Бу тадбирлар ноқонуний миграцияга қарши курашни янада кучайтириб юборди. Олмаота шаҳри полицияси 100 нафар мигрантни қўлга олиб, ўз ватанига жўнатди. Уларнинг 55 нафари Ўзбекистон, 41 нафари Қирғизистон фуқаросидир. Жанубий Қозоғистонда эса мамлакат ҳудудида ноқонуний яшаётган 700 дан ортиқ чет эл фуқароси борлиги аниқланди. Уларнинг ҳам асосий қисми ўзбекистонликлар. Умуман 2005 йил бошидан буён вилоятда миграция қоидаларини бузган 3 мингдан ортиқ шахс қўлга олинди.

Қурилиш ва пахта териш мавсумида Жанубий Қозоғистонга Ўзбекистондан минглаб одамлар келади. Маълумотларга кўра, ҳар мавсумда бу ҳудудга ярим миллионга яқин мигрант келади.

“Иш излаб юрган ўзбекистонликларни кўриб раҳмим келади, - дейди Тошкент вилоятидан Чимкентга келин бўлиб тушган Қундузой Мирвалиева. – Қўқон, Намангандан келганлар ўзларига қийин экани, эркаклар ишсизликдан уйда ўтириб қолгани, аёллар кўчага чиқиб кетганини айтади”.

Оқсувкент қишлоғида яшовчи Шоҳида Раҳматуллаева Иккинчи жаҳон уруши йилларида эвакуация қилинган юз минглаб одамларни боққан Ўзбекистон бугунги кунда ўз аҳолисини боқа олмаётганини уятли ҳол ҳисоблайди.

Қозоқ халқида “ўзбек оз оғам”, деган мақол азалдан бор. Бироқ бу мақолни “ўзбек ўз қулим” тарзида ишлатаётган қозоқлар ҳам пайдо бўляпти. Улар “ўз оғаси” бўлган ўзбекни қул қилиб ишлатяпти.

Яқинда Чимкент шаҳрининг “Қуйи Ўтрор” маҳалласида яшовчи Омалҳожар исмли шахснинг ўз уйида ўзбекистонлик бир неча фуқарони қул сифатида ишлатаётгани ҳақида хабар тарқалди. Шу маҳаллада яшовчи Гули опанинг сўзларига кўра, у Омалҳожарга бундай қилиш қозоқ миллати учун уят эканини айтган. Аммо у қулоқ солмаган.

Гули опанинг ҳикоя қилишича, Омалҳожарникида қулликда сақланаётганлар қорақалпоғистонлик. Улар бир неча ой муқаддам келган. Аввалига улар товуқхонага мўлжалланган темир уйчада яшаган. Кейинчалик пахсадан ўзига бир хонали уй тиклаб олган. Бу уйнинг ҳатто деразаси ҳам йўқ.

“Одамлар кучугига ҳам тез-тез овқат бериб туради. Бироқ бу ерда яшаган қорақалпоғистонликлар ҳатто бир неча кунлаб овқат емасди. Улар ҳолсиз ва озғин эди. Биттаси қочишга ҳаракат қилганида хўжайини тутиб олиб, роса дўппослади”, - деди Гули опа.

Маълум бўлишича, маҳаллада яшовчилар қорақалпоғистонликларга яширинча егулик бериб турган. Полиция келишидан хабар топган Омалҳожар ўз қулларини бошқа жойга яширишга улгурган.

Бу ердаги маҳалла нозири яқинда ишга ўтгани, мавжуд ҳолатдан бехабар бўлганини айтмоқда. Ҳозир маҳаллий полиция айни масалада суриштирув олиб бормоқда.

Сайрамлик Абдумалик Сармонов ноқонуний мигрантлар кўпайиши туфайли Қозоғистонда ишсизлик кўпайишини билдирди. Ҳозир Жанубий Қозоғистонда маҳаллий деҳқонлар учун иш камайиб қолган. Чунки улардан кўра уч баробар кам ҳақ тўланса ҳам ишлайдиган ўзбекистонлик мардикорлар сони кўпайиб боряпти.
XS
SM
MD
LG