Линклар

Суднинг олтинчи куни: Андижон прокурорини ҳеч ким урмаган

  • Садриддин Ашур

Россиянинг Иваново шаҳридан акрамийларнинг руҳий масъулларидан бири бўлмиш Қобилҳожи Қосимхўжаевдан Андижондаги хатти-ҳаракатлар учун 200 минг АҚШ доллари олиб келинган.

Бу маблағни Илҳомжон Ҳожиев олиб келган. Унинг ўзи бу ҳақда Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 27 сентябрь кунги мажлисида берган кўрсатмасида айтиб ўтди.



Илҳомжон Ҳожиев


Судланувчининг иқрорига кўра, у ўн йилдан буён акрамийлик диний оқимида итоатчи вазифасида фаолият кўрсатган.

“Мен амал қилиб келган акрамийлар таълимотига кўра, халифалик қуриш мақсадига эришиш беш босқичдан иборат. Биринчиси “сирли босқич” бўлиб, одамларга фикран таъсир ўтказиб, сафни кенгайтиришдир. Иккинчиси “моддий босқич” бўлиб, молиялаштириш манбаларини йўлга қўйиб, моддий бойликлар орқали фуқароларни ўз мафкурасига эргаштириш, улар онггига ислом давлати қуриш ғоясини аста-секин сингдиришдир. Учинчи, “маънавий босқич”да оқимга аъзоларни мақсад сари йўналтириш кўзланган. Тўртинчи, “узвий босқич” алоҳида бир ҳудудда акрамийлар ҳаракатини ривожлантиришни мақсад қилган. Бешинчи, “охират босқичи”да куч ишлатиш йўли билан ҳокимиятни босиб олиш, давлат тузумини ўзгартириш, уни дастлаб Фарғона водийсида юзага келтириб, кейинчалик бутун дунёда халифалик бошқарувини жорий этиш белгиланган”, - деди И.Ҳожиев.

Судланувчи Ивановода Қобилҳожи Қосимхўжаев унга Тоҳир Йўлдошев юборган 200 минг долларни берганини таъкидлади.

“Бу пулни Қобил Парпиевга беришим, режадаги ишларни амалга ошириш учун сарфлаш кераклигини айтди. У ҳужум бошлашдан олдин ўзига телефон қилишимизни, ўзи эса Тоҳир Йўлдошевни бундан хабардор қилишини, Т.Йўлдошев ўз жангариларини ёрдамга жўнатишини билдирди”, - деди И.Ҳожиев.

И.Ҳожиев бу пуллар машина, мобиль телефонлар ва Қирғизистондан қурол-яроғ сотиб олишга ишлатилганини таъкидлади. Жалолободда Шаҳобиддин ака исмли кимсадан 24 та автоматнинг ҳар бири 1200 доллардан, учта тўппонча 700 доллардан сотиб олинган. Автомат магазинларининг ҳар бирига 35 доллардан тўланган. Савдолашиб, Шаҳобиддин акага жами 31 минг доллар берилган.

И.Ҳожиев Андижондаги воқеаларнинг содир бўлишида Туркистон ислом ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошевнинг иштироки борлигини таъкидлади. Унинг иқрорига кўра, Қобилҳожи Қосимхўжаев Т.Йўлдошев Афғонистон ва Покистонда жанговар тайёргарликдан ўтган 200 та одам жўнатиш ва керак бўлса, моддий ёрдам ҳам беришни ваъда қилганини айтган.

Судланувчи ҳарбий қисмга ҳужум қилиниб, у ердаги қуроллар осонлик билан қўлга киритилганини айтди. Улар казармага кириб, осмонга ўқ узган ва аскарларга қаршилик кўрсатилмаса, ҳеч кимга тегинилмаслигини билдирган. Аскарларнинг ҳаммаси кроват тагига кириб кетган.

И.Ҳожиев Андижон воқеалари чоғида Жалолов деган милиция ходимини отиб ўлдирганини тан олди.

Прокурорнинг 13 май куни кечки пайт содир бўлган отишмаларда гаровга олинганларни ким отгани тўғрисидаги саволига Илҳомжон Ҳожиев бундай жавоб берди: “Қобил Парпиев бегуноҳ одамларни, тинч аҳолини отиб ўлдиряпти, деган нарсани чет эллик журналистлар билан биргаликда тасвирга олиб, тарқатиш мақсадида отишмани бошлаб юборган. Гаровга олинганларни ҳам шу ерда отиб ташлаш буйруғи бўлган эди”.

И.Ҳожиев Андижонга қайтиб келмоқчи бўлганида милиция ходимлари томонидан қўлга олинганини таъкидлади.

Судланувчилар кўрсатма бериб бўлгандан сўнг суд жабрланувчиларни тинглай бошлади. Андижон воқеаларида акрамийлар қўлида гаровда бўлганини айтган Андижон вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими Тоҳир Манноповнинг айтишича, унга жуда қўпол муомалада бўлинган. Уни миллий хавфсизлик хизмати ходими ёки участка инспектори ёхуд ҳарбий эканликда гумон қилишиб, қўлларини боғлаб, калтаклашган, у жойдан бу жойга судрашган.



Тоҳир Маннопов


Т.Маннопов гаровдагилар сафида кетаётганида оёғидан ўқ еб йиқилгани, кейин уни ўлган деб ташлаб кетишганини таъкидлади. Унинг айтишича, гаровда бўлганида шими чўнтагидан 10 минг сўм пул, ён дафтарчаси ва ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилган. Бироқ кўйлаги чўнтагидаги 5 минг сўм пулни кимдир олиб, қайтариб жойига қўйган.

“Водий садоси” вилоят телерадокомпанияси раҳбари Комилжон Парпиев ҳам ҳокимлик биносига мажбур олиб келинганини билдирди. У калтакланмаган, қўли боғланмаган. Гаровдагилар сони 38 та бўлгани ҳақида эшитган. К.Парпиев отишма пайтида тасодифан тирик қолганини маълум қилди.

Гаровда бўлган Улуғнор тумани суди раиси Қудратилла Мамадохуновнинг суддаги кўрсатмаси ҳаммани сергак торттирди. Чунки, ўзининг айтишича, унга ва доимо ёнида бўлган Андижон шаҳри прокурорига ҳеч ким ёмон муносабатда бўлмаган.



Қудратилла Мамадохунов


“У ерда бизни ҳеч ким ургани, сўккани, жисмоний тазйиқ ўтказгани йўқ. Қобил Парпиев кириб, прокурор билан бир-икки оғиз гаплашди. У суд ҳаракатлари нотўғри олиб борилаётганини айтиб, прокурорни нотўғри санкция берганликда айблади. Қамоқдан чиқиб келган бир шахс, исми Таваккал бўлса керак, прокурор билан келиб саломлашди. Бир йилдан буён ноҳақ қамоқда ўтиргани, охири шундан қилишга мажбур бўлинганини гапирди”, - деди Қ.Мамадохунов.

Илгари судга кўрсатма берган судланувчилар прокурорга жуда ёмон муносабатда бўлингани ҳақида гапирганди. Қ.Мамадохуновнинг айтишича эса: “Ичкарида ўтирилганида Ғанижон Абдураҳимовни (прокурорни) ҳеч ким урмаган, ҳақорат қилмаган. Прокурордан митингга чиқиб, 23 киши асоссиз судланаётгани, бунга у санкция бергани ҳақида гапириш сўралди. У рози бўлди. Уни пастга олиб тушиб кетишди. Биринчи айтган гапини эшитмадим. Лекин кейин прокурор баъзи адолатсизликлар бўлган бўлиши мумкинлиги, ишни суд кўраётгани, албатта, адолатли ҳукм чиқаришини халққа айтди”.

Қ.Мамадохунов ҳокимлик биносида бўлганида ўқ овозлари доимо эшитилиб тургани, жангарилар аскарлар тинч аҳолига ўқ узаётганини айтгани ва гаровдаги ҳарбийларга, милиция ходимларига тазйиқ ўтказганини билишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG