Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:06

Суднинг еттинчи куни: Таваккал Ҳожиев Тойлоқовга қойил қолди


Андижон воқеалари чоғида гаровга олинган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига жуда ёмон муносабатда бўлинган. Улар қаттиқ калтакланган, турли қийноқларга дучор қилинган.

Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган 15 фуқаро устидан ўтказилаётган суд жараёнининг 28 сентябрь кунги мажлисида сўзга чиққан жабрланувчилар шундай кўрсатма берди.

Андижондаги “Омадтранс” шўъба корхонаси директори Қодир Мансуровнинг айтишича, у ва ўринбосари Раҳимжон Қурбонов ўтирган машина акрамийлар томонидан тўсилиб, улар гаровга олинган. Ҳокимлик биносига олиб борилганда фойеда 15-20 тача қуролланган кишини кўрган. Улар бир-бири билан жуда самимий кўришган. Зинадан чиқаётганида чап томонда бир милиционер ва аёлнинг ўлигини кўрган. Аёлнинг жасади ёпилган бўлган.



Қодир Мансуров


Суд раиси ва айбловчилар милиция ходимларига кимлар ўқ узгани ҳақида бир неча бор саволлар берди. Бироқ аёл кишининг жасади, уни ким отгани, у қандай ҳалок бўлгани ҳақида судланувчилардан ҳам, жабрланувчилардан ҳам сўралгани йўқ.

Қ.Мансуров акрамийлар гаровдагиларни анча қийнагани, улар ўша куни ўқдан ҳалок бўлган бир ёш боланинг қотиллигини милиция ходимлари зиммасига юкламоқчи бўлганини ҳақида гапирди. У гаровдагилар сафида Чўлпон кўчасидаги отишмада бўлгани ва тўполонда бир амаллаб қочиб қолгани ҳақида ҳикоя қилар экан, акрамийларнинг бу қилган гуноҳларини кечириб бўлмаслигини таъкидлади.

Жабрланувчи Раҳимжон Қурбонов акрамийлар, айниқса, гаровга олинган милиция ходимларини кўп қийнагани, уни ҳам милиция ходими деб ўйлаганини билдирди.

“Тоҳирни (милиция ходими) автомат билан калтаклашининг овози бизнинг хонагача эшитилди. Мен биттасидан гаровдагилар сочининг толаси ҳам тўкилмаслигига ваъда берганларига қарамай, нега ураётганларини сўрадим. У калтакланаётган йигит ёш болани ва аёл кишини отганини айтди”, - деди Р.Қурбонов.

Жабрланувчилар гаровдаги милиция, миллий хавфсизлик ходимлари ва ҳарбийлар оддий фуқаролардан алоҳида жойда ушлаб турилганини таъкидлади.

Андижон вилоят ИИБ ходими, капитан Дилшодбек Усмоновнинг сўзларига кўра, у милиция ходими Тоҳир Маннопов сингари қаттиқ калтакланмаган, аммо қўпол муомалада бўлиниб, гаровдагилар сафига қўшиб қўйилган.

Д.Усмонов оломон ичидан бир амаллаб чиқиб кетганини гапириб: “Террорчиларнинг биринчи гуруҳини ўтказиб юбориб, орқага кетаётсам, “Наврўз” ўйингоҳи томондан иккинчи гуруҳи келаётган экан. ИИБга томон кетаётганимда битта оқсоқол учради. У бу гуруҳлар қаерга кетганини сўраганида, террорчилар ҳақида сўкиниб жавоб бердим. У кимни сўкканимни сўраганида, милиция ходимларини сўкаяпман, деб жавоб қайтардим”, - деди Д.Усмонов.

Андижон шаҳри халқ таълими бўлими мудири Абдурашид Абдураҳмонов 13 май куни ҳокимлик биноси олдида юрган баъзи ёш болаларга бу ердаги аҳвол хавфли эканини айтиб, дашном берган.

“Майдонда трибуна қилиниб, микрофонлар ўрнатилган эди. Сўзга чиққанлар судланаётган 23 кишини озод қилиш, тадбиркорлик, солиқ тўғрисида гапирди. Қирғизистонда қўллаб-қувватлаш учун 2000 та одам тайёр тургани, Қўқон ва Намангандан ёрдам келаётгани, Тошкент тайёрлиги ҳақида гапирилганда “Аллоҳу акбар” деган чақириқлар янгради”, - деди А.Абдураҳмонов.

А.Абдураҳмонов ушлаб олиниб, гаровдагилар сафига қўшиб қўйилгани, ҳокимлик биносидан чиқиб кетишдаги юришда ҳам бўлиб, тасодифан омон қолганини билдирди.

Андижон вилояти ИИБ терговчиси Топиволди Эгамбердиевнинг сўзларига кўра, уни ушланиб ҳокимлик биносига олиб келинган. Орқасига тўппонча билан уришиб, қўлини орқасида боғлаб қўйишган.

Т.Эгамбердиев Бобур ҳайкали ёнида мингтача аёл ва эркак митингга чиққанини кўргани, гаровдагилар сафида олиб кетилаётганида қочишга муваффақ бўлгани, лекин қўлидан ўқ еб, яралангани ҳақида гапирди.

Суднинг аввалги мажлисларида айбланувчилар ўзини “Би-Би-Си” мухбири сифатида таништирган Бахтиёр Муродов ҳам гаровга олингани ҳақида кўрсатма берганди. 28 сентябрь кунги суд мажлисида бу шахс жабрланувчи сифатида гапирди.



Бахтиёр Муродов


Маълум бўлишича, у вилоят ҳокимлиги хизматчисидир. Ўзининг айтишича, ҳаммадан ҳам кўпроқ уни қийнашган.

Балиқчи туманидаги қишлоқ фуқаролар йиғинида ҳарбий ҳисобчи бўлиб ишлайдиган Сайдулло Тойлоқов уч милиция ходимини машинасига миндириб келаётганида гаровга олинган. Милиция ходимлари ҳокимлик биноси ичига олиб кетилиб, С.Тойлоқов майдондаги митингчилар орасига қўйиб юборилган.

С.Тойлоқов майдонда йиғилган одамларнинг тарқалиб кетишига қуролланган кишилар йўл бермагани, улар митингни куч билан бошқаргани ҳақда батафсил гапирди. У судланувчи Таваккал Ҳожиевнинг номини бир неча марта тилга олди.

Жабрланувчининг бу кўрсатмаларни тасдиқлайсизми, деган саволга жавоб бериб, Т.Ҳожиев: “Ташқаридаги ташкилий ишларни мен қилганман. Лекин майдонда кимлар иштирок этганини билмайман. Бу киши (С.Тойлоқов) ҳарбий экан, ташқарида юриб, бунча нарсани кузатганига қойил қолиб ўтирибман. Бизнинг разведкачиларимиз ҳам бунча ишламаганди, деб ўтирибман”, - дея жавоб қайтарди.
XS
SM
MD
LG