Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:44

АҚШ делегацияси Ўзбекистондан қуруқ қайтди


Шайбон Тошкентга ташриф буюрган АҚШ давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси Дэниел Фрид 28 сентябрь куни маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар билан учрашди.

Гарчи учрашув норасмий, шунчаки нонушта тарзида ўтган бўлса-да, суҳбат мавзуси анча жиддий бўлди.

Учрашувда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов шу кунларда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан кучайган тазйиқлар, хусусан, уларнинг ҳаракатланиш эркинлиги чекланаётгани, уй қамоғига маҳкум қилинаётгани, ҳеч қандай тушунтиришларсиз милиция идораларида соатлаб ушлаб турилаётгани ҳақида гапириб берди.

Мустақил журналист Сергей Ежков эса эркин журналистлар ва хорижий матбуот вакилларига қарши кампания кучайиб бораётгани ва Олий судда кечаётган суд жараёнида янграётган айбловлар ўлароқ, баъзи ОАВ ва журналистларга қарши бирор қарор қабул қилиниши, шу қарор асосида Бош прокуратура жиноят ишлари қўзғаши хавфи борлиги тўғрисида сўз юритди.

АҚШ делегацияси аъзолари бу ҳолат уларни жиддий ташвишга солаётганини таъкидлаб, ташриф давомидаги бирмунча оғир кечган музокаралар самараси ўлароқ, вазият маълум маънода енгиллашишига умид қилишини билдирди.

АҚШ делегацияси аъзоларини 27 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қабул қилган эди. Д.Фриднинг маълум қилишича, бу учрашув белгиланганидан кўра узоқроқ муддат давом этган. У Каримовга АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома шартлари ва уларга амал қилиш лозимлиги келишилгани ҳақида бир неча бор эслатган.

“Аммо, - деди Д.Фрид, - очиқ тан олишим керак, биз ҳамма масалаларда ҳам ўзаро якдилликка эриша олмадик”.

Якдилликка эришилмаган масалалар айнан нимадан иборатлиги тўғрисида Д.Фрид батафсил тўхталиб ўтирмади. Фақат улар орасида нодавлат ташкилотларни аввалгидай қўллаб-қувватлаш ва демократик жараёнларга кўмаклашиш масалалари бўлганини айтиб ўтди.

Д.Фрид Хонобод ҳарбий базасидан чиқиб кетиш тўғрисидаги Ўзбекистон талаби сўзсиз бажарилишини маълум қилди.

“Ўзбекистон ҳукумати имзоланган шартномага асосланган ҳолда базани бўшатишни илтимос қилди. Биз базани тарк этиш ниятидамиз. Зеро, биз Ўзбекистон томонининг бу илтимосини ҳурмат қиламиз”, - деди давлат котибининг ёрдамчиси.

АҚШ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилган натижаларсиз ниҳоясига етди. Хўш, бу нимадан дарак беради?

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев фикрича, бу ҳолат икки давлат ўртасидаги муносабатлар жуда ёмонлашгани, боши берк кўчага кириб қолгани далолатидир.

“Бироқ бу араз узоққа бормайди. Чунки у битта шахсга тегишли, деб ўйлайман. Ҳукуматимиздаги соғлом кучлар вазият бундан ҳам ёмонлашишига ҳаракат қилмаса керак”, - деди А.Аннаев.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов расмий Тошкент ҳозир Россия ва Хитойдан кўмак кутаётгани, лекин бу яхшиликка олиб бормаслигини таъкидлади. Унинг тахминича, Америкадан юз ўгириш Ўзбекистон президентининг ўзига ҳам ёқмаётган бўлиши мумкин. Аммо у иложсизликдан шундай қиляпти.

Расмий Тошкент АҚШ делегацияси ташрифи тўғрисида мавҳум ва ягона маълумот тарқатиш билан чекланди. Президентнинг матбуот хизмати вакили Беруний Олимовнинг сўзларига қараганда, И.Каримов ва Д.Фриднинг музокараси чоғида икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг айни пайтдаги аҳволи ва истиқболлари ҳақида сўз борган. Шунингдек, учрашувда минтақавий хавфсизлик масаласи ҳам муҳокама қилинган.
XS
SM
MD
LG