Линклар

Мухолифат нашрлари қийин аҳволда қолди


28 сентябрь куни Қозоғистондаги мухолифат нашрларининг олти муҳаррири Олмаотадаги “Время принт” босмахонаси олдида очлик эълон қилди. Улар ўзлари раҳбарлик қилаётган газеталарнинг чоп этилиши тўхтатилганидан норози бўляпти.

Маълум бўлишича, куни-кеча “Время принт” босмахонаси маъмурияти “Соз”, “Жума таймс”, “Эпоха”, “Апта-кз”, “Правда Казахстана” ва “Свобода слова” газеталарини чоп этишдан бош тортган ҳамда бунинг сабабини изоҳлашни истамаган. Газета муҳаррирлари “Давр” ва “Азия пресс” нашриёт уйларидан ёрдам сўраган. Бироқ улар ҳам мухолифат нашрларини чоп этишни рад қилган.

Газета муҳаррирларининг билдиришича, “Время принт” босмахонасининг улар билан ишлашни хоҳламаслиги молиявий сабаблар билан боғлиқ эмас. Чунки босмахона мухолифат нашрларини чоп қилишдан ҳар ойда 200 минг долларга яқин даромад қилган.

Муҳаррирлар бу ҳолатни Қозоғистондаги президент сайлови билан боғлаяпти.

“Сайлов мавсумида шу йўл билан мухолифат овозини бўғишга ҳаракат қилиняпти”, - демоқда муҳаррирлар.

Сўнгги маълумотларга кўра, сал аввал мухолифат газеталарини нашр этишни хоҳламаган “Давр” ва “Азия пресс” нашриёт уйлари энди уларга ҳамкорликни таклиф қилган.

Муҳаррирлар бу таклифни муҳокама қилмоқда. Улар нашриёт уйлари газеталарнинг сиёсий қарашларига аралашишини хоҳламайди. Муҳаррирлар ўз газеталари мазмун-мундарижасини ўзгартириш ниятида эмас.
XS
SM
MD
LG