Линклар

Марсель Ўзбекистонга мажбуран жўнатиляпти


Басира Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётган ўзбекистонлик Марсель Исоев маҳаллий суд ҳукми билан Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинмоқда.

Бу ҳақда Москвадаги “Фуқаровий кўмак” қўмитаси хабар тарқатди. Унда айтилишича, 1986 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси М.Исоев айни пайтда Қозон шаҳри ички ишлар бошқармаси изоляторида сақланяпти. Қозондаги олий ўқув юртларидан бирида 2-курсда таълим олаётган Марсель рўйхатдан ўтмай яшаш айби билан суд қарорига кўра 1000 рубль жарима тўлайди ва Россиядан чиқариб юборилади.

“Ички ишлар бошқармаси миграция бўлими 22 сентябрь куни ўтказган текширув натижасида Марсель Исоевнинг Қозон шаҳрида рўйхатдан ўтмай истиқомат қилаётгани аниқланган”, - дейилади суд ҳукмида.

Марселнинг Қозонда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатининг муддати 19 сентябрь куни тугаган.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси аъзоси Баҳром Ҳамроевнинг билдиришича, М.Исоев 6 сентябрь куни ички ишлар ходимлари томонидан сўроқ қилинган.

“Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг террорчиликка қарши кураш бўлими офицери Кириченко Марселдан Олмос Ҳасанов исмли шахс уни “Ҳизб ут-таҳрир” оқимига тортгани ҳақида ёлғон кўрсатма беришни талаб қилган. Акс ҳолда Ўзбекистонга жўнатиб юбориб, ўша ерда уни узоқ муддатга қаматиш билан қўрқитган”, - деди Б.Ҳамроев.

Б.Ҳамроев бировга қарши кўрсатма беришни истамаган Марсель судда бор ҳақиқатни сўзлагани, ички ишлар ходими ундан ёлғон кўрсатма талаб қилганини айтганини таъкидлади.

Шунга қарамай, Қозонда рўйхатдан ўтмаганлик баҳонасида Ўзбекистон фуқароси М.Исоевни ўз ватанига жўнатишга тайёргарлик кўриляпти. Аммо инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Марселнинг Ўзбекистонга мажбурий жўнатилишига қарши ҳаракатларни бошлаб юборган.
XS
SM
MD
LG