Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:28

Олмаота бошпанасизлар ҳужумига учраяпти


Бир неча кундирки, қозоғистонлик юзлаб бошпанасиз фуқаро Олмаотадаги бўш ётган ер майдонларини эгаллаб олиб, қурилиш бошлаб юборди. Уларнинг бу ҳаракатига полиция қаршилик қиляпти.

Олмаота вилоятининг Талгар туманидаги бўш турган ерлар чекка овуллардан келган бошпанасизлар томонидан эгаллаб олинмоқда. Тумандаги 26 гектар ер юзга яқин фуқаро томонидан бўлиб олиниб, қурилиш бошлаб юборилган.

"Президентдан уй қуришимиз учун ер беришини сўраймиз. Ер фақат бойларга эмас, оддий халққа ҳам берилишини талаб қиламиз", - демоқда мамлакатнинг бошпанасиз фуқаролари.

Бу кишилар қилаётган ишлари ноқонуний эканини яхши тушунади. Аммо бошпанасизлик уларни шундай қилишга мажбур этяпти.

“Бошқа иложимиз йўқ. Пенсиямиз етмайди. Яшашга жойимиз йўқ. Овулдаги ҳамма нарсани сотиб келдик. Фарзандларим катта бўляпти. Уларнинг кўчада қолишини хоҳламайман”, - дейди бошпанасиз аёллардан бири.

Йиллар давомида уйсиз, ҳар қаерда тентираб юрган одамлар Олмаотадан текинга ер олиш мумкинлиги ҳақидаги миш-мишни эшитиб, бўш ерларни эгаллаб ола бошлаган.

Талгар туманидаги Гулдалин овули раҳбарларининг билдиришича, одамлар ўзбошимчалик билан эгаллаган ер майдонлари ҳеч қачон эгасиз бўлмаган. Собиқ иттифоқ даврида бу ерлар Кунаев номидаги колхозга қарашли бўлган. Айни пайтда эса бу ер бир неча шахснинг хусусий мулки ҳисобланади. Бошпанасиз одамлар эса мулк эгаларини яқинлаштирмаяпти. Улар йўлларни тракторлар билан тўсиб олгандан кейин бу ишга полиция аралашишга мажбур бўлди. 300 нафар бошпанасиз эгаллаб олган ерларидан ҳайдаб чиқарилди. Қаршилик кўрсатганлар полиция маҳкамаларига олиб кетилди.

“Полициячилар 3 та автобусда келиб, одамларни мажбурлаб, қўлларини қайириб, автобусга чиқарди. Эркакларни калтаклади. Ҳатто ҳомиладор аёлларни ҳам силтаб, уриб олиб кетди", - дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Ҳозир бошпанасизлар эгаллаб олган ер ўнлаб полициячи томонидан қўриқланмоқда.

Эгаллаган ерлардан ҳайдаб чиқарилган кишилар мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев номига мактуб йўллаб, агар ёрдам берилмаса, норозилик намойиши ўтказишини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, шу йилнинг август ойи бошида мингга яқин бошпанасиз фуқаро Олмаота шаҳри яқинидаги бўш ҳудудни эгаллаб, олти сотихдан ўзаро бўлиб олган эди. Ҳозир бу ерда 500 га яқин турар-жой қад ростлаган.

”Менинг уйим йўқ. Одамлардан эшитиб, шу ерга келдим. Бу ердагиларнинг барчаси камбағал кишилар. Бор-йўғини сотиб, уй қуришга сарфлаётган одамларда ҳатто нонга ҳам пул қолмаган”, - дейди 40 ёшлардаги аёл.

Ҳеч қаерда қайд этилмаган бу қишлоқ Олмаота шаҳри аэропорти яқинида барпо бўляпти. Маълум бўлишича, шу пайтгача маҳаллий ҳокимлик ва полиция идораси ҳам бундан хабарсиз бўлган. Улар яқиндагина бу ҳолдан хабар топган. Полициянинг огоҳлантиришга қарамай, одамлар қурилишни давом эттиряпти.

Айни кунларда текин ер олиш умидида Олмаота вилоятига келаётган бошпанасиз одамлар сони кун сайин кўпаймоқда.
XS
SM
MD
LG