Линклар

logo-print

Суднинг саккизинчи куни: Аёллар Қирғизистонга ўз хоҳиши билан кетган

  • Садриддин Ашур

Андижон ҳокимлиги биноси олдида тўпланган аёллар ва болаларнинг барчаси акрамийлар билан бирга Қирғизистонга томон ўз хоҳиши билан кетган. Уларни ҳеч ким мажбурлагани йўқ.

Тошкентда Андижон воқеаларида фаол иштирок этишда айбланаётган фуқаролар устидан бўлиб ўтаётган суд жараёнининг 29 сентябрь кунги мажлисида жабрланувчи Зафар Раҳимов шундай кўрсатма берди.



Зафар Раҳимов


Андижон шаҳри ички ишлар бўлими участка нозири З.Раҳимов 13 май куни соат 15 да вилоят ҳокимлиги биноси олдига бориб, шу томон келаётган одамларни иложи борича орқага қайтариш топшириғини олган. Ўша ерда гаровга олинган.

“Давлат автомобиль назоратида ишлайдиган, кейин билсам Тоҳиржон ака экан, формадаги кишини қаттиқ уришди. Ҳатто шериклари ундан (ураётган кишидан) бунча калтаклашга сабаб нималигини сўради. У эса шу милиционер ошнаси Ботир сервисни ўлдиргани учун шундай қилаётганини айтди”, - деди З.Раҳимов.

Участка нозирининг айтишича, кечки пайт гаровдагилар оломон олдига солиниб, Қирғизистон томон юриш қилган. У тушган гуруҳ Байналмилал кўчасидан юрган бўлиб, оломон 500 атрофида аёллар, қариялар, болалар, 150 тача қуролланган кишилардан иборат бўлган.

“Аёллар ўз хоҳиши билан кетган. Хоҳлаган одам оломондан ажралиб чиқиб кетиши мумкин эди. Тўшакка солиниб, кўтариб кетилаётган қари кампирга ҳам бирор хонадонга ташалаб кетишлик таклиф қилинди. Аммо кампир бунга кўнмади”, - деди жабрланувчи.

З.Раҳимов уларга ҳарбийлар ўқ отмагани, гуруҳ ҳукумат аскарларига дуч келмагани, деярли отишмаларсиз кечаси билан йўл юриб, Тешиктошга кириб борилгани ҳақида гапирди. Сабаби номаълум отишма чоғида у ва гаровдаги яна бир киши қочишга муваффақ бўлган.

Андижон шаҳри ИИБ 1-ҳарбийлашган ёнғин хавфсизлиги қисмининг бошлиғи Мирзоҳид Мирзаакбаров вилоят ҳокимлиги биноси олдида гаровга олинган. Акрамийларнинг оила аъзолари, ўзининг айтишича, уни калтаклаган. У гаровдагилар сафида бўлганида оёғидан ўқ еб, шифохонага олиб кетилган.

Жабрланувчи, вилоят ҳокимлиги хизматчиси Равшан Мамасолиевнинг кўрсатмасига қараганда, эрталаб майдонда 300-400 атрофида, майдондан чиқиб кетилаётганда эса мингга яқин одам бўлган.

Ҳарбий Фаррух Юсуповнинг қўли боғланиб, ҳокимлик биносига олиб кириб қўйилган.

“Ярим соатдан кейин олдимизга Қўқон шевадаги одам кириб, уларнинг ҳеч кимга ёмонлиги йўқлиги, ниятлари қамоқдаги сафдошларини озод қилиш, божхона тўловларини қисқартириш эканини айтди”, - деди Ф.Юсупов.

Ф.Юсупов гаровдагилар сафида Чўлпон кўчаси бўйлаб юргани, оломондан ажралиб чиқиб, қочиб кетганини ҳақида гапирди.

Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи нафақахўр Анорбой Товилдиевнинг айтишича, унинг ёлғиз ўғил фарзанди Аброр шартнома асосида ҳарбий хизматда бўлган. Ўғлининг гаровга олинганини эшитиб, ўзи уни қидиришга тушган.



Анорбой Товилдиев


“14 май куни шаҳарга қандай келганимни билмайман. Чўлпон кинотеатридан ўтгандан кейин техникум бор. Ўша ерда бир уюм оёқ кийим ётибди. Калишлар тўпланиб турган жойда қуёш нурида қип-қизил бир нарса ярқираб кўриняпти. Қайсидир асарда ёзганидек, қонли сароб шу бўлармикин, деган хаёлга бордим”, - деди А.Товилдиев.

Отахон ҳокимлик биносига келаверишда йўлнинг икки чеккасида жуда кўп халқни кўрган. Асфальтдаги қонлар ювилаётган бўлган. Бобур ҳайкали пойида ўнтача мурда турганини кўрган. У ўғлини шифохоналардан топа олмагач, ўликхонага борган. Узоқ навбатда туриб, ўликхонага кирган, лекин фарзандини топа олмаган. Ўғлини қидира-қидира иккинчи марта ўликхонага келганидагина мурдасини топган.

“Уч кун ўтса ҳам ўғлимни биров сўраб келмади. Экспертизадан ўтказмасдан дафн қилдик”, - деди А.Товилдиев.

Отанинг айтишича, ўғлининг 11 жойидан ўқ теккан, қўл ва бўйнида арқон излари бўлган.

Ота бу ўлимни ваҳшийларча қотиллик, деб атади. У аввалги суд мажлисларида кўрсатма бераётган судланувчиларга ўғли нега ҳам олдидан, ҳам орқасидан ўқ егани ҳақида сўраб, қониқарли жавоб ололмаган эди.

Терроризм ҳақида бир неча монографиялар ёзганини айтган А.Товилдиев сўзининг охирида: “Кучим етганича, ҳаётимнинг охиригича терроризмга қарши курашаман. Сизга (судланувчиларга қаратилган) ўхшаганларни отилиб, осилиб кетишдан озгина бўлса-да, қайтара олсам, мақсадимга эришган бўламан”, - деди.
XS
SM
MD
LG